Камчиликлар қайд этилиб, вазифалар белгиланди
Нукусда “Оилавий (маиший) зўравонлик ҳамда шаҳвоний шилқимлик қилиш билан боғлиқ жиноятлар ва маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳамда келгусидаги вазифалар” мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Тадбирни Олий суд раисининг биринчи ўринбосари Икром Муслимов олиб бориб, ушбу тоифадаги жиноят ишлари юзасидан суриштирув, тергов органлари ҳамда судьялар томонидан қарор қабул қилишда йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар, уларнинг олдини олиш чоралари ва суд амалиётини бирхиллаштириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди.

Ушбу семинар 2023 йил 11 апрелда қабул қилинган “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги Қонун асосида юзага келган ҳуқуқий ўзгаришлар амалиётда қандай татбиқ этилаётганини таҳлил қилишга бағишланди.
Айни шу Қонун билан Жиноят кодексига 126-1-модда (оилавий (маиший) зўравонлик) ҳамда 141-3-модда (шаън ва қадр-қимматни камситувчи маълумотларни тарқатиш), Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига эса 59-2-модда (оилавий (маиший) зўравонлик) ва 41-1-модда (шаҳвоний шилқимлик қилиш) киритилган. Шунингдек, Қонуннинг ижросини таъминлаш ва ҳуқуқни бир хилда қўллашни таъминлаш мақсадида Олий суд Пленуми томонидан 2023 йил 20 апрель куни қарор қабул қилинган бўлиб, у судлар учун амалий йўриқнома вазифасини ўтайди. Ушбу қарор суд амалиётида янги ҳуқуқий нормаларнинг аниқ ва адолатли татбиқ этилишини таъминлашга хизмат қилишга қаратилган.

Аммо қонун қабул қилинганига икки йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса ҳам, ҳанузгача суриштирув, тергов органлари ва судлар томонидан бир қатор жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйиб келинмоқда. Семинарда ушбу камчиликларни бартараф этиш юзасидан зарур чоралар белгиланди.
Тадбирда иштирок этган судьялар, прокуратура ва ички ишлар органлари ходимлари, Ижтимоий ҳимоя агентлиги ва болалар ҳуқуқлари бўйича минтақавий вакиллар томонидан қонун ижроси, профилактик ишлар, жабрланганларга кўмак кўрсатиш, жиноят ишларини самарали тергов қилиш ҳамда суд амалиётида бир хил ёндашувларни таъминлашга қаратилган таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири