Ҳунар ва меҳнат намунаси

Ҳар қандай жамиятнмнг тараққиёти аввало меҳнатсевар инсонлар орқали юзага чиқади. Шундай инсонлар борки, уларнинг фаолияти нафақат оиласи учун, балки жамият учун ҳам фойдали.
Амударё тумани Чойкўл овулида ўз ҳунари ва меҳнати билан танилган Бибиробия Усмонова исми бугун кўпчиликка таниш. Унинг гулчилик соҳасидаги кўп йиллик тажрибаси нафақат ўз хонадони, балки бутун маҳалла ҳаётига ижобий таъсир ўтказиб келмоқда. Гулчилик орқали нафақат иқтисодий даромад топиш, балки атроф муҳитни гўзаллаштириш, ободонлаштириш ҳам мумкинлигини у ўз фаолиятида амалда исботлаб берган.
Унинг гуллари нафақат кўзни қувонтиради, балки хилма-хиллиги билан ҳам ажралиб туради. Унинг боғида учратиладиган турлар орасида хризантема, турк гвоздикаси, адонис, ситус, серен, лилия ва саккиз хил турдаги атиргуллар бор. Шунингдек, у мевали дарахт ниҳоллари ва тўққиз турдаги узум навларини ҳам парваришлаб келмоқда. Бу маҳсулотлар нафақат овул аҳолиси, балки туман бозорларида ҳам катта талабга эга.



Фидокорона меҳнатларининг натижаси сифатида Бибиробия Усмонова “Ибратли аёл” кўкрак нишони билан тақдирланган. Унинг меҳри ва интизоми оила аъзоларига ҳам илҳом манбаи бўлган. Буни унинг қизи Дилрабо Оразимбетова ҳам онасининг изидан бориб, “Умид учқуни” кўкрак нишони билан тақдирлангани билан кўриш мумкин.
Маҳаллий аҳоли учун бундай инсонлар намуна бўлиб хизмат қилади. Улар орқали анъанавий ҳунарлар сақланиб қолади, ёшлар ўрнак олади. Ҳар бир маҳаллада шундай меҳнаткаш, бағрикенг ва олижаноб инсонлар бор экан, жамият тараққиёти кафолатланган дейиш мумкин.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги