Талабалар таътили мазмунли ўтмоқда

225

 

«Долзарб 90 кун» лойиҳаси доирасида талабаларнинг таътил вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида турли тадбирлар давом этмоқда.

Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти талаба-ёшлари учун ҳам унутилмас маданий дам олиш куни ташкил этилди.

Тадбир ички туризмни ривожлантириш, ёшларни юртимиз бўйлаб диққатга сазовор тарихий жойлар ва гўзал табиат билан таништириш мақсадида ўтказилди. Талаба-ёшлар Тахтакўпир туманидаги Даўқара овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган «Қоратеран» экотуризм комплексига борди.

Бу кўл юртимиз табиатининг бетакрор гўзаллиги, миллийлик ва замонавийлик уйғунлашган масканлардан бири. Ушбу гўзал манзаралардан завқланган талабалар нафақат табиат гўзаллиги жозибадорлигини ҳис қилди, балки миллий анъаналар ва қадриятлар билан яқиндан танишди.

Тадбир давомида ёшлар учун ватанпарварлик, экологик маданият, миллий меросга ҳурмат каби фазилатларни ривожлантиришга хизмат қиладиган қизиқарли маъруза ва суҳбатлар ташкил этилди.

Туризмни, айниқса, ички туризмни ривожлантириш бўйича республикамизда қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Сўнгги йилларда ушбу кўл атрофида сайёҳлар учун қулайликлар яратиш бўйича амалга оширилган ишлар бу ерга саёҳатга келувчилар сонини оширмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан Қоратеран кўли бўйида янгидан барпо этилган, ҳеч қаерда ўхшаши йўқ миллий колоритдаги «Қоратеран» этнотуристик мажмуасининг қурилиши халқимизнинг миллий меросига, тарихига бўлган ҳукуматимизнинг алоҳида эътиборидан далолат беради.

Ёшлар ушбу кўл, этноқишлоқ ҳақида маълумотлар олиб, қатор турган қора уйларни томоша қилиб, тоққа кўтарилиб саёҳат қилиб, суратларга тушиб кўнгилли дам олди.


Албатта, ёшларнинг эртанги ёруғ келажагини мустаҳкамлашда, шунингдек, Ватанпарварлик руҳида тарбиялашда мана шундай тадбирларнинг тутган ўрни муҳим. Институт раҳбарияти, бундай маданий саёҳатлар талабаларнинг дунёқарашини кенгайтириш, ижодий ва маънавий салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги