Спорт ташкилотларининг тренер-ўқитувчилари ва йўриқчи-услубчиларига малака тоифаларини бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Жисмоний тарбия-спорт ташкилотларининг тренер-ўқитувчилари ва йўриқчи-услубчилари ҳамда спорт ҳакамларига малака тоифаларини бериш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ:
Жисмоний тарбия-спорт ташкилотларининг тренер-ўқитувчилари ва йўриқчи-услубчиларига малака тоифаларини бериш тартиби тўғрисидаги низом;
Спорт ҳакамларига малака тоифаларини бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
2026 йил 1 январдан бошлаб жисмоний тарбия-спорт ташкилотларининг тренер-ўқитувчилари ва йўриқчи-услубчилари ҳамда спорт ҳакамларига малака тоифаларини бериш бўйича давлат хизматлари “ERP sport” ягона электрон бошқарув тизими орқали проактив шаклда кўрсатилади. Бунда Спорт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар спорт бошқармалари томонидан берилган эски намунадаги малака тоифаси гувоҳномалари уларда кўрсатилган муддат тугагунга қадар амал қилади.
Идоравий мансублиги ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари томонидан тренер-ўқитувчилар ва йўриқчи-услубчилар ҳамда спорт ҳакамлари тўғрисидаги маълумотлар “ERP sport” тизимига киритиб борилади.
2025 йил 1 декабрга қадар “ERP sport” тизими манфаатдор вазирлик ва идораларнинг тегишли ахборот тизимлари билан интеграция қилинади.
“ERP sport” тизимида жисмоний тарбия-спорт ташкилотларининг тренер-ўқитувчилари ва йўриқчи-услубчилари ҳамда спорт ҳакамлари тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ шакллантирилади.
Кўрсатилган давлат хизмати тўғрисида жисмоний тарбия-спорт ташкилотларининг тренер-ўқитувчилари ва йўриқчи-услубчилари ҳамда спорт ҳакамларига “Электрон ҳукумат” тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали СМС-хабарнома юбориш тизими йўлга қўйилади.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 майдаги ПФ-80-сон Фармонига мувофиқ:
спорт-таълим муассасасининг тренер-ўқитувчилари учун иккинчи, биринчи ва олий малака тоифаларини олиш;
спорт-таълим муассасасининг йўриқчи-услубчилари учун иккинчи, биринчи ва олий малака тоифаларини олиш;
спорт ҳакамларига малака тоифаларини бериш бўйича хизматларни проактив шаклдаги давлат хизматларига ўтказиш белгиланган эди.
ЎзА