Қорақалпоғистон спортчилари янги чўққилар сари интилмоқда

145

Нукус шаҳридаги Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида «Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари» спорт мусобақаларининг 2-босқич баҳслари тантанали равишда бошланди.

Тадбирнинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси М.Атамуратов ҳамда Спорт вазири Е.Қутыбаевлар иштирок этиб, барча спортчиларга муваффақият ва юксак натижалар тилади.

Мусобақалар доирасида биринчи бўлиб таэквондо WТ тури бўйича беллашувлар ташкил этилди. Унда Қорақалпоғистоннинг барча шаҳар ва туманларидан келган ёш спортчилар ўз маҳоратларини намоён этишди.

Қизғин ва муросасиз кечган мусобақа якунида ғолиблар диплом, медаль ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Эътиборга молик жиҳати шундаки, мазкур босқичда ғолиб бўлган иштирокчилар учинчи босқич — Президент олимпиадасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритадилар. Бу эса улар учун катта спорт йўлидаги навбатдаги муҳим қадам ҳисобланади.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги