Ўзбекистонликлар ярим йил ичида қайси давлатларга энг кўп сафар қилди?

169

Сўнгги йилларда туризм нафақат дам олиш ва маданий алмашинув, балки иқтисодий фаолликнинг муҳим кўринишларидан бирига айланиб бормоқда. Глобал пандемиядан кейинги даврда дунё давлатлари ўртасида транспорт алоқалари тикланди, виза тартиблари соддалашди, кўплаб халқаро йўналишлар очилди. Бу эса фуқароларнинг чет элга чиқиш имкониятини сезиларли даражада кенгайтирди.

Ўзбекистон ҳам бу жараёндан мустасно эмас. Аҳолининг ҳаёт даражаси ортиб бораётгани, хорижий таълим ва меҳнат имкониятларининг кенгайиши, шунингдек, диний ва маданий туризмга бўлган қизиқишнинг кучайгани натижасида хорижга саёҳат қилувчилар сони йилдан-йилга ортмоқда. Айниқса, 2025 йилнинг биринчи ярмида бу кўрсаткич янада юқорилади.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь – июнь ойларида туристик мақсадларда хорижга сафар қилган ўзбекистонликлар сони 3,5 миллион нафарга етган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 810 минг нафарга ёки 29,7 фоизга кўп деганидир.

Энг кўп сафар қилинган давлатлар рўйхати қуйидагича: 

1. Қирғиз Республикаси 1 миллион 527 минг 303 нафар

2. Қозоғистон 664 минг 669 нафар

3. Тожикистон 631 минг 660 нафар

4. Россия 230 минг 412 нафар

5. Саудия Арабистони 145 минг 294 нафар

6. Туркия 102 минг нафар

7. БАА 72 минг 729 нафар

8. Миср 30 минг 959 нафар

9. Таиланд 16 минг 671 нафар

10. Вьетнам 16 минг 179 нафар

Ушбу рўйхатда қўшни республикалар етакчилик қилмоқда. Бунга сабаб транспорт воситаси ва йўл масофаси жуда қулай. Кўплаб фуқаролар чакана савдо, хизмат кўрсатиш ва вақтинчалик меҳнат сабабли ҳам боради. Қолаверса, минтақавий тарихий ва ижтимоий боғлиқлик сабаблари билан ҳам ҳам тез–тез сафар қилинади.

Россия эса иш ва таътил манзили ҳисобланади. Кўпчилик ўзбеклар учун бу ер иш ва миграция маркази сифатида хизмат қилади. Айни пайтда, туристик манзиллари Москва, Санкт-Петербург, Сочи ва тарихий обидалари туфайли дам олиш мақсадида ҳам танланмоқда.

Саудия Арабистони диний туризмда юқори ўсиш қайд этган. 145 мингдан ортиқ фуқаро бу давлатга сафар қилгани Умра ва Ҳаж зиёратлари кўламининг кенгайгани, ҳукумат томонидан зиёратчиларни ташкилий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш кучайганини англатади.

Туркия ўзбекистонликлар учун тили ва маданий ўхшашлик, виза режимининг соддалиги, шунингдек, таълим олиш имкониятлари билан оммалашмоқда. Туркияда саноат анча ривожлангани учун кўпчилик маҳаллий тадбиркорлар ушбу давлатдан товарлар харид қилади ва ички бозоримизда савдо-сотиқ ишларини амалга оширади.

БАА эса замонавий технологиялар, оилавий саёҳатлар ва туризм бўйича энг қулай йўналишлардан биридир. БАА ҳам импорт учун жуда қулай давлат ҳисобланади.

Миср, Таиланд, Вьетнам – бу давлатларга сафар қилганлар сони ҳали кўп бўлмаса-да, барқарор ўсиш кузатилмоқда. Бу эса ўзбекистонликлар эндиликда ажабтовур манзилларни танлаётгани, саёҳат маданияти ривожланиб бораётганини англатади. Тур фирмаларининг фаолияти, хорижий авиакомпаниялар билан ҳамкорлик ва оммавий ахборот воситаларининг тарғиботи ҳам бу ўсишга хизмат қилмоқда.

2025 йилнинг биринчи ярми ўзбекистонликлар учун чет элга саёҳат борасида фаоллик йили бўлди. Ушбу статистик ўсиш иқтисодий имкониятлар яхшилангани, давлатлараро алоқалар мустаҳкамланаётгани ва туризм маданияти кенгайиб бораётганини кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, янги манзиллар, виза енгилликлари ва халқаро рейслар сонининг ортиши бу жараённи янада жадаллаштиради.

Дилдора ДЎСМАТОВА

ЎзА