Санъатшунос ҳаёти – ибрат мактаби

94

Қорақалпоғистон санъати ва маданиятига улкан ҳисса қўшган таниқли рассом, машҳур коллекционер ва Санъат музейи асосчиси Игор Витальевич Савицкий таваллудининг 110 йиллиги кенг нишонланди.

Тадбир доирасида таниқли санъат арбобининг қабри зиёрат қилинди ва унга ҳурмат бажо келтирилиб, гулчамбарлар қўйилди. Бу ҳаракат Савицкий хотирасига нисбатан чуқур ҳурмат ва миннатдорлик ифодаси бўлди.

Шундан сўнг, И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейининг кинозалида хотира кечаси ташкил этилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси М.Атамуратов сўзга чиқиб, Савицкийнинг ноёб мероси, унинг Қорақалпоғистон маданияти ва санъати ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси ҳақида тўхталиб ўтди.

Тадбир давомида соҳа вакиллари, санъатшунослар ва музей ходимлари томонидан И.Савицкийнинг ҳаёт йўли, ижоди ва юксак фидойилиги ҳақида маърузалар тингланди. Улар унда нафақат рассом сифатида эмас, балки маданий бойликларни сақлаш ва асраб-авайлаш йўлида фаол курашган инсон сифатида Савицкий тимсолини очиб бердилар.

Шунингдек, «Игор Савицкий дунёси» деб номланган махсус кўргазмага экскурсия уюштирилди. Унда меҳмонлар Савицкийнинг тўплаган ноёб асарлари, унинг коллекционер сифатидаги фаолияти ва санъатга бўлган юракдан муҳаббати билан танишиш имконига эга бўлди.

Тадбир иштирокчилари бу каби хотира учрашувлари ёш авлод учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилишини таъкидлаб, бундай шахсларнинг меросини асраш ва кенг тарғиб этиш зарурлигини алоҳида қайд этишди.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги