Олий маълумот мақом эмас, масъулиятли йўл танлови

Олий таълим олиш – бу шунчаки олийгоҳга кириш ёки диплом олиш эмас. Бу инсоннинг ҳаётда тутган ўрни, жамиятдаги аҳамияти ва келажакдаги йўналишини белгиловчи муҳим босқичдир. Бугун мамлакатимизда олий таълимга бўлган қизиқиш сезиларли даражада ошган. Бу эса бир томондан қувонарли ҳолат бўлса, бошқа томондан чуқурроқ таҳлил ва масъулиятли ёндашувни талаб этади. Айниқса, тўғри касб танлови, жамиятга фойдали бўлиш ва меҳнат бозоридаги мувозанат нуқтаи назаридан кўриб чиқиш зарур.
Олий маълумот инсон учун кўплаб эшикларни очади. Масалан: билим олиш, илмий изланиш олиб бориш, ижтимоий мавқе орттириш, мулоқот даврасини кенгайтириш, хорижда ўқиш ёки ишлаш каби йўллар айнан олий таълим асосида шаклланади. Бироқ бу имкониятлар фақат диплом эгасига эмас, билими, тажрибаси, касбига садоқатли бўлган шахсларгагина хизмат қилади.
Афсуски, айрим ёшлар ҳали ҳам олий ўқув юртига киришни “мақом”, “жамиятда тан олиниш” воситаси сифатида қабул қилмоқда. Бундай қараш эса нафақат ўзини, балки ўқиш жараёнида имкониятларни, вақтни ва давлат маблағларини самарасиз ишлатишга олиб келади.
Бугун мамлакатимизда юзага келаётган муҳим муаммолардан бири ёшларнинг касб танлашдаги нотўғри ёндашувидир. Ота-онанинг босими, жамиятдаги стереотиплар ёки машҳурликка эргашиш оқибатида кўплаб ёшлар ўз қизиқишларига мос бўлмаган соҳаларда таҳсил олмоқда. Натижада ўқишни битиргач, ўз соҳасида ишламайди ёки умуман бошқа соҳага ўтишга мажбур бўлади.
Ҳақиқий олий маълумот – бу инсонни ўз касбига фидойи, ижодкор ва жамиятга фойдали шахсга айлантиради. Тиббиёт йўналишини тугатган шахс беморларга ёрдам беради, журналист – ҳақиқатни ёритади, муҳандис – ихтиро қилади, ўқитувчи эса авлодлар тарбияси билан шуғулланади. Шунинг учун ҳам ҳар бир олий маълумотли инсон ўз соҳасида мутахассис бўлиши ва жамиятга амалда фойда келтириши лозим.
Ўзбекистонда ҳар йили 200 мингдан ортиқ талаба олий таълим муассасаларини тамомлайди ва меҳнат бозорига кириб келади. Аммо ҳаммаси ҳам ўз мутахассислигидан келиб чиқиб фаолиятини давом эттиряптими, йўқми бу алоҳида масалa.
Ҳозирда мамлакатимизда ёшларнинг бандлигини таъминлаш борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, талабаларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида университет ва ташкилотлар билан ҳамкорликда Каръера марказлари ташкил этилган. Битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш бўйича Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг Миллий вакансиялар базасида (ish.mehnat.uz) “Талабалар учун иш” алоҳида функционали жорий этилган.
Бу каби шарт-шароитлар нур устига аъло нур, албатта. Лекин ҳозирги замонда кўпчилик олийгоҳда таҳсил олиши мумкин ва шунинг учун ҳам иш масаласида фақатгина диплом билан эмас салоҳият, билим ва кўникмалар каби жиҳатлар ҳам инобатга олинади. Шунинг учун, ҳар бир бакалавриат ёки магистратура босқичида таълим олаётган талабалар аввало йўналишни ўзи учун яхшилаб танлаб олиши керак. Олий таълим – бу нафақат билим олиш, балки танлаган йўналишида жамиятга фойда келтиришдек юксак мақсадни кўзлаш. Инсон ўз касбини тўғри танласа, ўзини унда топса ва садоқат билан ҳаракат қилса, нафақат ўзининг, балки бутун жамиятнинг тараққиётига ҳисса қўшади. Диплом – шунчаки қоғоз эмас, у орқали жамият олдидаги масъулият бошлаб берилади. Шундай экан, ҳар бир талаба, ҳар бир ёш дипломни эмас, диплом орқали жамиятга хизмат қилиш ғоясини мақсад қилиши зарур.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА