Иқтисодиётда хизмат кўрсатиш соҳасининг улуши қай даражада?

122

Қорақалпоғистон Республикаси Статистика бошқармаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича қабул қилган фармон ва қарорларининг ижросини таъминлашга қаратилган Давлат статистика қўмитасининг комплекс чора-тадбирлар режасига мувофиқ ўз ишларини амалга ошириб келмоқда.

– Ўзбекистон Республикасида хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича устувор йўналишлар ва вазифалар белгиланган, – дейди Статистика бошқармаси Хизматлар ва савдо статистикаси бўлими бошлиғи Бахтиёр Тажибеков.

Яъни, хизматлар соҳасини ривожлантириш ҳисобига ялпи ички маҳсулотни кўпайтириш, қишлоқ жойларда хизматларни ривожлантириш, муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, тармоқларда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ҳисобига хизматлар соҳасини, мураккаб ўзгаришларни жадал ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, рақобат муҳитини шакллантириш, кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ривожлантиришга кўмаклашиш каби вазифалар ва йўналишлар белгиланди. Шунингдек, турли инновацион хизматларни, янги алоқа воситаларини кўпайтириш, аҳолининг телекоммуникация тармоқларидан фойдаланиши бўйича техник имкониятларини таъминлаш, шулар асосида сифатли хизматлар кўрсатиш, телефон алоқаси ва телевидениенинг рақамли тизимига тўлиқ ўтиш, алоқа ва ахборотлаштиришнинг республика иқтисодиётида улушини кўпайтириш, энг янги электрон, тўлов технологияларини жорий этган ҳолда молиявий хизматларни ривожлантириш, соғлиқни сақлаш соҳасида юқори технологик хизматларни янада ривожлантириш ҳам шунга киради.

Республикамизда 2025 йилнинг январь-июнь ойлари якуни билан кўрсатилган жами хизматлар ҳажми 15 трлн. 351,5 млрд. сўм бўлиб, ўсиш суръати 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 110,7 фоизни ташкил этди.

Хизматлар ҳажмида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг улуши 72,4 фоизни ташкил этди. Йил бошидан аҳоли жон бошига 7543,0 минг сўмлик хизматлар кўрсатилган.

Жами кўрсатилган хизматлар ҳажмида катта улушни қуйидаги хизмат турлари ташкил этади:

  1. Маиший ва овқатланиш хизматлари 5434,3 млрд. сўм, улуши 35,4%
  2. Транспорт хизматлари 2107,1 млрд. сўм, улуши 13,7%
  3. Савдо хизматлари 2441,3 млрд. сўм, улуши 15,9%
  4. Молиявий хизматлар 1967,6 млрд. сўм, улуши 12,8%
  5. Алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари 610,0 млрд. сўм, улуши 4,0%.
  6. Таълим соҳасидаги хизматлар 575,7 млрд. сўм, улуши 3,8%
  7. Шахсий хизматлар 435,3 млрд. сўм, улуши 2,8%
  8. Компьютерларни таъмирлаш бўйича хизматлар 388,6 млрд. сўм, улуши 2,5%.

Ушбу кўрсаткичлар хизматлар соҳасининг иқтисодиётимизда тутган ўрни ғоят муҳимлигини кўрсатиб турибди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги