Ўзбекистон ва Россия Омбудсманлари ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси”ни имзолади

72

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, унинг қадр-қимматини асраб-авайлаш, фуқаролар мурожаатларини ҳал этиш энг муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Бу борада юртимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Болалар Омбудсмани, Бизнес Омбудсман каби институтлар инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда қатор саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда.

Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Девонида “Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда бир қатор ташкилот ва идоралар вакиллари билан бирга, Россия Федерацияси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича Комиссияси раиси Татьяна Москалькова ҳам иштирок этди. Тадбирда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва ўзаро тажриба алмашиш хусусида сўз борди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова мамлакатимизда янгиланган Конституциямиз асосида инсон қадрини улуғлаш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида тўхталиб ўтди.

Ўз навбатида, Татьяна Москалькова инсон ҳуқуқлари ҳимояси йўналишида Ўзбекистонда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини, халқаро майдондаги ташаббусларини эътироф этди. Шу билан бирга, МДҲ давлатлари доирасида инсон ҳуқуқлари, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар ҳуқуқлари ҳимояси бўйича кенг форматдаги ишлар олиб борилаётганни таъкидлади. Шунингдек, ўз фаолиятининг асосий йўналишлари ва эришилган натижалари тўғрисида маълумот берди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жумладан, мурожаатлар билан ишлаш, жазони ижро этиш муассасаларида мониторинг олиб бориш ва инсонпарвар ёндашувни ривожлантириш борасидаги амалий тажрибаси билан ўртоқлашди.

Мулоқот чоғида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро муносабатлари, жамоатчилик назорати, маҳкумлар, мигрантлар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлашдаги механизмлар, мурожаатларни кўриб чиқиш амалиёти ва фуқароларга яқинлашув сингари масалалар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Омбудсман институти сўнгги йилларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда таъсирчан ва амалий ечим таклиф қила оладиган миллий механизм сифатида шаклланди. 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида фуқаролар, хорижий давлат фуқаролари ва ташкилотлардан жами 9 минг 800 дан ортиқ мурожаат келиб тушган, давлат органларига 100 дан зиёд таъсир чоралари — тақдимномалар, талабномалар ва даъволар киритилган. Фуқаролар манфаати йўлида 3,8 миллиард сўмдан ортиқ моддий маблағ ундирилиши таъминланган. Шунингдек, Омбудсман ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари томонидан махсус қабулхона, вақтинча сақлаш ва тергов ҳибсхоналари, қисм, жазони ижро этиш ва мажбурий даволаш муассасаларига 491 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилган бўлиб, бу 2024 йилнинг мос даврида 452 маротабани ташкил этган.

— МДҲ давлатлари инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиб келади, — дейди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ахборот хизмати раҳбари Фотима Мадраҳимова. — Бугунги тадбир доирасида Россия Федерацияси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича Комиссияси раиси бошчилигидаги вакиллар Ўзбекистон Омбудсмани фаолияти билан танишиш баробарида жазони ижро этиш муассасалари фаолияти, у ерда яратилган шароитлар билан ҳам яқиндан танишишди. Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш бўйича таклифларини билдирдилар. 2019 йилда Россия Федерацияси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили билан меморандум имзоланган бўлса, ўтган давр мобайнида Омбудсманнинг Росссияга ташрифлари давомида у ердаги ёпиқ муассасаларга тушиб қолган Ўзбекистон фуқаролари билан учрашувлар ўтказилди, мурожаатлар тингланиб, ҳал этилган. Бугунги учрашув давомида ҳам бу борадаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсад қилинган.

Давра суҳбати якунида Ўзбекистон ва Россия Омбудсманлари ўртасида 2025-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси” имзоланди. Унда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қўшма мониторинглар, мигрантлар ўртасида ҳуқуқий хабардорликни ошириш, фуқаролар мурожаатларини биргаликда кўриб чиқиш, ахборот ва илмий-тадқиқот алмашинуви, шунингдек, миллий ва халқаро даражада ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган йўналишлар ўз аксини топган.

Муҳтарама Комилова, Аслиддин Алижонов, Ўктам Ҳайитов (сурат), ЎзА