Ўзбекистон ва Покистон туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадаллаштиришга қаратилган янги лойиҳаларни келишиб олди

Мулоқот чоғида туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ўзаро сайёҳлар оқимини ошириш, соҳа учун кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, туризм саноати вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Қўшма дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали соҳа ривожига ҳисса қўшиш юзасидан фикр алмашилди.
Покистон Туризмни ривожлантириш корпорацияси раиси Ўзбекистоннинг туризм соҳасида амалга ошираётган тизимли ва изчил ислоҳотларини юқори баҳолаб, мамлакатимизнинг ушбу йўналишдаги ташаббусларини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Таълим ва касбий тайёргарлик соҳасида, жумладан туризм йўналишидаги олий таълим муассасалари ўртасида манфаатли ҳамкорликни кучайтириш, ўзаро таълим грантлари ажратиш, талабалар ва мутахассислар алмашинувини йўлга қўйиш ушбу тармоқни янада ривожлантириш, истиқболда икки мамлакат иқтисодиётида унинг улушини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
– Покистоннинг туризм ва меҳмонхона бошқаруви соҳасидаги етакчи таълим муассасаларидан бири – «College of Tourism & Hotel Management» Ўзбекистон томони билан ҳамкорликка тайёр, – деди раис Афтаб ур-Реҳман Рана. – Шунингдек, «Uzbekistan Airways» томонидан Тошкентдан Лаҳор ва Исломобод шаҳарларига йўлга қўйилган тўғридан-тўғри авиақатновлар покистонлик сайёҳлар учун кўплаб қулайликлар яратмоқда.
Бундан ташқари, томонлар мутасадди вазирлик ва идоралар ўртасида бевосита мулоқотни йўлга қўйиш, икки мамлакат фуқароларига виза расмийлаштириш жараёнларини янада соддалаштириш, ушбу жараёнга замонавий халқаро стандартларининг жорий қилиш механизмларини мувофиқлаштириш борасидаги таклифларни кўриб чиқдилар.
Музокаралар натижасида август ойида Ўзбекистон ва Покистоннинг туризмга масъул ташкилотлари, туроператорлар уюшмалари ҳамда ишбилармон доиралар иштирокида онлайн туризм форумини ўтказиш, янги зиёрат туризми маршрутларини ишлаб чиқиш, икки мамлакатнинг туризм салоҳиятини тарғиб қилувчи теледастурлар суратга олиш, соҳавий олий таълим муассасалари ўртасида англашув меморандумларини имзолашга келишиб олинди.