Нукусда «Она ва бола» клиникаси қурилмоқда
Нукус шаҳри марказида она ва болалар саломатлиги учун мўлжалланган янги замонавий клиника қурилиши жадал суръатларда давом этмоқда. Ушбу йирик лойиҳа Бирлашган Араб Амирлигининг «Шайх Халифа» хайрия фонди томонидан молиялаштирилмоқда ва умумий қиймати 28 миллион долларни ташкил этади.
Масъул ходимларнинг таъкидлашича, лойиҳа шу йилнинг охирида тўлиқ якунланиши режалаштирилган. Янги клиника ишга тушгач, она ва болаларга тиббий хизмат кўрсатишнинг сифати ва самарадорлиги янада ошади.
Клиникада туғруқ жараёни, янги туғилган чақалоқларга қараш, перинатал хизматлар, ҳамда диагностик ва поликлиник ёрдам каби бир қатор тиббий хизматлар тўлиқ йўлга қўйилади. Барча тиббий асбоб-ускуналар «Шайх Халифа» фонди томонидан бепул етказиб берилади.
Шунингдек, Нукус шаҳар тиббиёт бирлашмаси таркибидаги туғруқ бўлими янги клиникага кўчирилади. Поликлиника ва диагностика бўлимида фаолият юритган тажрибали шифокорлар ҳам ушбу марказда иш бошлайди.
Мазкур лойиҳа нафақат техник жиҳатдан юқори стандартларга жавоб беради, балки аҳоли саломатлигини таъминлашда ҳам муҳим қадам бўлади.
Азизбек Дабылов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси