Сенатда “Очиқлик индекси” бўйича “қизил” деб баҳоланган ташкилотлар фаолияти муҳокама қилинди

Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мажлисида давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг 2024 йилги “Очиқлик индекси” натижалари бўйича “қизил” тоифада баҳоланган ташкилотлар фаолияти муҳокама қилинди.
Жумладан, Кинематография агентлиги ва Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси масъулларининг ахборотлари эшитилди.
Ушбу ташкилотлар томонидан очиқликни таъминлашга оид қонунчилик талабларига риоя этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилгани қайд этилди. Кинематография агентлиги 2024 йилда 25 ҳужжатли, 15 қисқа метражли ва 20 тўлиқ метражли бадиий фильм ишлаб чиқарган. Шулардан 11 таси кинопрокатга чиқарилган, 5 таси телеканаллар орқали намойиш этилган. Миллий сериаллар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш мақсадида телеканалларга 12 миллиард сўм субсидия ажратилган.

Инспекция эса 2023 – 2025 йилларда ёқилғи-энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича 93 минг 938 нафар истеъмолчини профилактик қамровга олган. Назорат тадбирлари натижасида 3 триллион сўмлик энергия ресурсларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланиб, 12 минг 719 маъмурий баённома ва 770 ҳолатда иқтисодий жарима қўлланган.
Шу билан бирга, соҳаларда бир қатор тизимли муаммолар ҳам сақланиб қолаётгани таъкидланди. Жумладан, Кинематография агентлиги 2022 йил якунларида 84 баҳолаш мезонидан фақат 35 тасини тўлиқ бажарган, 19 мезон бўйича эса маълумотлар тўлиқ эълон қилинмаган. Агентлик 3 йил кетма-кет – 2022 йилда 47,4 балл, 2023 йилда 26,6 балл ва 2024 йилда 30,4 балл кўрсаткич билан “қизил” тоифада баҳоланган.
Инспекция 2023 йилда 84 мезондан фақат 22 тасини тўлиқ бажарган ва 8 мезон бўйича маълумотларни эълон қилишда камчиликларга йўл қўйган. Инспекция ҳам 2023 ва 2024 йилларда мос равишда 34,4 ва 51 балл билан “қизил” тоифага киритилган.
Мажлис якунида қўмита қарори қабул қилиниб, ушбу ташкилотлар фаолиятида очиқлик даражасини ошириш, ахборотлардан фойдаланишда жамоатчилик учун шаффофликни таъминлаш борасида қатор аниқ вазифалар белгиланди.
Н.Абдураимова,
ЎзА