Томорқасидан даромад, чорвасидан барака

Хўжайли туманидаги Саманкўл овул фуқаролар йиғинида яшовчи Жиенбай Сапарниязов бугунги кунда томорқасидан унумли фойдаланиб, оиласи фаровонлиги йўлида тинимсиз ҳаракат қилаётган инсонлардан бири бўлиб, эрта баҳорданоқ, уйининг олдидаги 4 сотих томорқасига иссиқхона қуриб, ўша ерини аввал помидор, кейин кеч кузгача бодринг етиштирадиган доимий даромад манбаига айлантирди.
Бундан ташқари, у кичик боғ ташкил этиб, узум, ўрик, шафтоли каби мевали дарахтлардан ҳосил олиб, даромадини янада мустаҳкамлаб келмоқда, – деб хабар бермоқда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.
Асосий тирикчилик манбаи – чорвачилик. Давлатимиз раҳбари томонидан яратилаётган кенг имкониятлардан фойдаланиб, ҳоким ёрдамчиси кўмагида имтиёзли кредит олиб, 18 бош наслли қорамол боқишни йўлга қўйди. Бугунги кунда бозорларимизни сифатли ва арзон гўшт маҳсулотлари билан таъминлаб келмоқда.
– Илгари чет элларда ишлаб хўжалигимизни юритардик, ҳозир эса ўз юртимизда, ўз томорқамизда ишлаб оиламизни боқяпмиз, – дейди Ж.Сапарниязов.
Албатта, бундай меҳнатсевар инсонлар қишлоқ ҳаётининг таянчи, маҳалла иқтисодиётининг ҳаракатлантирувчи кучидир.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги