ОИТСга қарши кураш кенг жамоатчилик эътиборида

Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Орттирилган иммунитет танқислиги синдромига қарши курашиш марказида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси ОИТСга қарши курашиш маркази ва унинг таркибидаги 6 та туманлараро лабораториялар фаолият юритмоқда. Шифокорлардан 38 нафари (76,0%) малака тоифаларига эга, шундан 20 нафари (52,6%) олий тоифали, 12 нафари (31,2%) I тоифали ва олти нафари (15,8%) II тоифали.

Қорақалпоғистон Республикасида ОИВ инфекцияси бўйича эпидемик вазиятнинг барқарорлигига эришиш, ОИВ/ОИТС профилактикаси, ОИВ инфекциясининг шифохона ичидаги инфекция тарзида тарқалишининг ҳамда онадан болага ўтишининг олдини олиш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда жами 1102 нафар шахс ОИВ инфекцияси билан яшамоқда. Шундан унтаси (0,9%) 18 ёшгача бўлган болалардир.

ОИВ инфекцияси билан касалланганларнинг 58,8 фоизи эркаклар, шундан иккитаси 18 ёшгача бўлган ёшлардан иборат ва 41,2 фоизи аёллар. Шу кунгача жами 350 нафар бемор ОИТСдан вафот этди.
Сўнгги йилларда республикамизда ушбу касалликнинг жинсий йўл билан юқиши ортиб бормоқда. Жорий йилнинг 6 ойида республикамизда қайд этилган 69 ҳолатдан 61 таси беморга жинсий алоқа орқали ва 2 таси парентерал йўл орқали юқтирилганлиги аниқланди.

Ҳар ойнинг биринчи санаси «ОИТСга қарши курашиш куни» сифатида белгиланиб борилмоқда, жорий йилнинг 6 ойи давомида аҳоли гавжум жойларда, шу жумладан йирик савдо мажмуаларида, деҳқон бозорларида, темир йўллари Нукус станциясида, автовокзалларда, сартарошхона, гўзаллик салонларида, хусусий шифохоналарда, МФЙларда, жамоат масжидларида, олий ва ўрта махсус ўқув юртларида ҳамда Тўрткўл, Амударё, Хўжайли, Қўнғирот, Беруний, Чимбой туманлараро лабораториялари ходимлари томонидан ОИТС инфекциясининг профилактикаси ва соғлом турмуш тарзи бўйича тадбирлар ўтказилди.
Бундан ташқари ОИТСга қарши курашиш маркази шифокорларидан ОИВ бўйича зарур бўлган, яъни касалликнинг клиник белгилари, даволаш усуллари ва олдини олиш чоралари ҳақида маслаҳатлар олиш мақсадида туну кун ишлайдиган ишонч телефони ишлаб турибди ва шифокорлар томонидан маслаҳатлар бериб борилмоқда. (телефон рақами 97-354-00-14)

Матбуот анжуманида иштирокчилар филиалда яратилган шароитлар билан танишиб, қизиқтирган саволларига жавоб олди.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.