Ўзбекистон делегацияси ШҲТ ишбилармонлар кенгаши йиғилишида иштирок этди

124

Хитой Халқ Республикасининг Пекин шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон делегациясига Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Дилшод Расулов раҳбарлик қилди.

Йиғилиш давомида минтақавий иқтисодий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, ўзаро савдо ва инвестиция муносабатларини кенгайтириш, шунингдек, рақамли инфратузилмани ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.


Дилшод Расулов ШҲТ доирасидаги иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Палата томонидан қатор ташаббуслар илгари сурилганини маълум қилди.

Жумладан, ШҲТ Халқаро инновация кластерлари дастурини ишлаб чиқиш – бу ҳамкорликда юқори технологияли, илм-фанга асосланган ишлаб чиқаришни ривожлантиришни мақсад қилиши таъкидланди.


«SCO TradeNet» рақамли платформасини яратиш – савдо ва логистика соҳасини рақамлаштириш ва давлатлар ўртасида маълумотлар алмашинувини автоматлаштириш имконини беради. «SCO Business School for SMEs» – кичик ва ўрта бизнес учун ўқув тармоғини ташкил этиш – тадбиркорлар салоҳиятини ошириш, билим ва малака алмашишга мўлжаллангани айтилди.

“ШҲТ ақлли чегара ҳудудлари” концепциясини ишлаб чиқиш – чегарадош ҳудудларда инновацион ёндашув асосида иқтисодий зоналар ташкил этишни ўз ичига олади.

Ушбу ташаббусларни амалга ошириш юзасидан аниқ лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда.

Б.ХУДОЙБЕРДИЕВ,

ЎзА