ЕИ фаолияти учун 2 триллион евро

Европа Комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен Европа Иттифоқининг 2028-2034 йилларга мўлжалланган янги, узоқ муддатли бюджет лойиҳасини тақдим этди. Умумий миқдори 2 триллион еврони ташкил этадиган мазкур кўрсаткич аввалги, 2020 йилги молиявий режага нисбатан анча салмоқли.
Фон дер Ляйен фикрича, айни режа орқали ЕИ “стратегик, мослашувчан ва молиявий жиҳатдан мустақил, кутилмаган инқирозларга тезкор жавоб қайтариш имконига эга” бўлади.
Бюджетнинг асосий йўналишлари сифатида Миллий ва минтақавий шерикликлик (865 миллиард евро), Қишлоқ хўжалиги, балиқчилик, ижтимоий сиёсат ва ҳудудий тараққиёт, Европа рақобатбардошлик жамғармаси (410 миллиард евро) келтирилган.
Инновация, илм-фан, рақамли технология, мудофаа ва энергия соҳаларига сармоя жалб қилиш орқали эса қитъа иқтисодиёти барқарорлигини таъминлаш назарда тутилган.
200 миллиард евро қийматга эга Глобал Европа захираси ташқи сиёсат воситаларини қамраб олади. Шунингдек, Украинани қайта тиклаш учун алоҳида 100 миллиард евролик жамғарма ташкил этилиши режалаштирилган. Фавқулодда вазиятлар учун 400 миллиард евро шакллантирилади. Янги бюджет таркибида инқироз ҳолати (пандемия, уруш, табиий офат)да фақат аъзо давлатлар учун мўлжалланган махсус кредит тизими бор. Ушбу маблағ доимий эмас, фақат истисно ҳолатда ишга туширилади.
Мустақил даромад манбаи сифатида Еврокомиссия электр чиқиндиси, тамаки маҳсулотлари ва йирик компаниялар даромадига янги Евроиттифоқ солиғи жорий этишни таклиф қилмоқда. Шу тариқа йилига 58,5 миллиард евро даромад олиш ва пандемия давридаги қарзларни ҳар йили 24 миллиард евро ажратиш орқали қоплаш кутиляпти.
Ҳуқуқ устуворлиги – асосий шарт
Янги бюджет аъзо давлатларда демократик тамойилга риоя этилишини тақозо этади. Бу ўзгариш ҳуқуқий қадрият борасида танқидга учраган айрим давлатларга нисбатан молиявий назоратни кучайтиришга хизмат қилади.
Соддалаштирилган тизим
Мавжуд 52 дастур 16 тага қисқарди. Молиявий воситаларни ҳолатга қараб тезкор тақсимлаш имкони яратилади. Қўшимча маблағ – 292 миллиард евро ички бозор, фуқаро муҳофазаси, суд-ҳуқуқ тизими каби йўналишларга, 49 миллиард евро Эрасмус талаба алмашинуви дастурига, йиллик 24 миллиард евро СОVID даврида олинган қарзни босқичма-босқич тўлашга ажратилади. Фон дер Ляйен тақдимотидан сўнг бюджет бўйича Европарламент ва аъзо давлатлар ўртасида узоқ, муросасиз музокара бошланди. Бюджет қисқариши, хусусан қишлоқ хўжалиги ва бошқа айрим жамғармалар бўйича ўзгариш айрим мамлакатлар норозилигига сабаб бўлиши мумкин.
Бошқа томондан замонавий йўналишларга кўпроқ эътибор қаратилиши Ғарбий ва Шимолий давлатлар томонидан илиқ кутиб олинмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА