Украина Бош вазири истеъфога чиқди (+видео)

Украина парламенти бугун Бош вазир Денис Шмигал бошчилигидаги ҳукуматни истеъфога чиқариш масаласини кўриб чиқади. Бу Президент Владимир Зеленский ташаббуси билан ҳукумат таркибини ўзгартириш йўлидаги ҳаракатнинг бошланиши.
Шмигал ижтимоий тармоқ орқали “Мен Украина Бош вазири лавозимидан истеъфога чиқиш тўғрисида ариза топшираман”, — деб ёзган.
Зеленский душанба куни Шмигалнинг ўрнига ҳозирги Бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт вазири, 39 ёшли Юлия Свириденко номзодини таклиф қилди.
Свириденко Украина ва АҚШ ўртасида минерал ресурслар бўйича келишув музокарасида фаоллик кўрсатган. Умуман, Ғарб давлатлари билан юқори даражадаги музокараларда мамлакат номидан самарали иш юритиб, асосан мудофаа ҳамкорлиги, иқтисодиётни тиклаш ҳамда инфратузилмани қайта қуриш масалаларига алоҳида эътибор қаратган.
Бугун парламент ҳукумат истеъфоси юзасидан овоз беради. Ҳукмрон “Халқ хизматкори” партияси кўпчилик ўрин эгаллаб тургани боис, Свириденко номзоди осонлик билан маъқулланиши кутиляпти. Дарвоқе, айни ўзгариш Россия армияси фронт чизиғида босимни кучайтирган, Украина шаҳарларига учувчисиз учоқ ва ракеталар ҳужуми авж олган пайтга тўғри келди.
Зеленский Шмигал ҳақида “У яхши мудофаа вазири бўлиши мумкин”лигини айтган. Шу тариқа амалдаги бош ҳарбий мулозим Рустем Умеров учун Украина элчиси сифатида Вашингтонга йўл очилиши тезлашади, дейди кузатувчилар.
Аввалроқ Украина етакчиси АҚШдаги элчи Оксана Маркаровани алмаштириш ниятини билдирган. 43 ёшли Рустем Умеров эса 2023 йил сентябрда коррупция билан боғлиқ можаро туфайли мудофаа вазири лавозимига тайинланган. У соҳани ислоҳ қилишга уринди, бироқ, танқидчилар таъкидлашича, вазирлик ҳануз бошқарувда жиддий муаммоларга дуч келмоқда.
К.Бекжонов, ЎзА