Аҳолининг ҳаёт сифати оширилмоқда

114

Ичимлик суви билан таъминлаш соҳасини ривожлантириш, аҳоли учун қулай ва соғлом турмуш шароитларини яратиш — давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади. Шу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 4271-сонли қарорига мувофиқ, Осиё тараққиёт банки иштирокида “Ўзбекистоннинг Ғарбий қисмида ичимлик суви таъминоти тизимларини ривожлантириш” лойиҳаси амалга оширилиши белгиланган.

Ушбу йирик инфратузилмавий лойиҳа доирасида Беруний туманида 2024–2026 йиллар давомида босқичма-босқич амалий ишлар олиб борилиши режалаштирилган. Лойиҳа учун жами 25 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилган бўлиб, бу маблағ туман аҳолисини тоза ичимлик суви билан узлуксиз таъминлаш, мавжуд сув тармоқларини янгилаш ҳамда янги замонавий иншоотлар барпо этишга йўналтирилади.

Айни пайтда Гулистон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ичимлик суви тармоқлари тўлиқ янгиланиб, янги қувурлар тортилиб бўлинган. Бу ишлар якунланганидан сўнг, ҳудуддаги йўлларни ободонлаштириш ишларига ҳам ушбу лойиҳа маблағлари ҳисобидан старт берилди.

Энг муҳими, бу каби ишлар фақатгина Гулистон маҳалласида эмас, балки Беруний туманидаги бошқа маҳаллаларда ҳам изчил давом эттирилади. Бу эса бутун туман аҳолисининг ҳаёт сифатига ижобий таъсир кўрсатиши, соғлом турмуш шароити яратилишига хизмат қилади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги