Ўзбекистон ва Туркия савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамкорликни кучайтиради

106

Анқарада Ўзбекистон элчихонаси ва Туркия Ташқи иқтисодий алоқалар бўйича кенгаши (DEIK) “Туркия-Ўзбекистон” қўмитаси ҳамкорлигида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда дипломатик миссиямиз вакиллари ва Қўмита раиси Ўзгур Ўнар Ўзгувен бошчилигидаги DEIK аъзоларидан иборат делегация иштирок этди.

Томонлар савдо-иқтисодий ва сармоявий масалага алоҳида эътибор қаратди. Турк бизнеси вакиллари энергетика, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва ахборот технологиялари каби соҳаларда шерикликни фаоллаштиришга алоҳида қизиқиш билдирди. G2B ва B2B форматида амалий учрашувлар ўтказиш, шунингдек қўшма тадбирларни ташкил этишга ўзаро тайёрлик тасдиқланди.

2025 йил биринчи ярмида Бухоро, Хоразм, Наманган, Жиззах, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳрини қамраб олган “12 ой – 12 ҳудуд” вебинар дастурини ўтказиш ташаббуси юқори баҳоланди. Қўмита раҳбари аниқ келишувлар натижасида турк компаниялари мулоқотни давом эттириш ва лойиҳаларни амалга ошириш учун юртимизга ташриф буюришини таъкидлади.

Давлат-ҳусусий ҳамкорлик ва тоғ-кон саноатида шерикликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Мезбонлар Ўзбекистон делегациялари ташрифини анъанага айлантириш, турк сармоядорларини ҳудудларимизда амалга ошириладиган истиқболли ташаббусларга жалб этишга кўмаклашиш истагини билдирди.

Учрашув томонларнинг икки мамлакат ўртасидаги ишонч ва ўзаро манфаатга асосланган ҳамкорликни янада кенгайтиришга интилиши тобора ортаётганидан далолатдир.

Азиза Алимова, ЎзА