Турли имтиёзлар билан тест синовларидан озод қилинган абитуриентлар кўпчиликни ташкил қилмоқда

Таълим – жамият тараққиётининг асосий омилларидан бири. Унинг ҳар бир босқичи юксак масъулият ва тизимли ёндашувни талаб қилади. Шу маънода, 2025/2026 ўқув йили учун олий ва касбий таълим муассасалари ҳамда лицейларга қабул жараёнларини ташкил этишга бағишланган брифингда юртимиздаги таълим муассасаларига қабулни юқори даражада ва шаффоф ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, юртимизда жорий йилнинг 14 июлидан 23 июлига қадар, яъни 10 кун давомида республика давлат олий таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича тест синовлари ташкил этилади.
Бу жараён абитуриентлар учун ўз билим ва тайёргарлик даражасини намоён этиш, ҳамда орзу қилган таълим масканига йўл олишда ҳал қилувчи босқич ҳисобланади.
Қайд этиш лозимки, 2025/2026 ўқув йили учун абитуриентларни рўйхатга олиш 5 июндан 25 июнга қадар онлайн тарзда амалга оширилди. Бунда республика бўйича жами 671 минг 397 нафар абитуриент рўйхатдан ўтди.
Шундан, абитуриентларнинг 426 минг 685 нафарини (63,6 %) жорий йил битирувчилари, 244 минг 712 нафарини (36,4 %) олдинги йиллар битирувчилари ташкил этди. Гендер таркиби бўйича эса, 361 минг нафар (53,8 %) абитуриент — хотин-қизлар, 310 минг 378 нафари (46,2 %) — эркаклардан иборат. Алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишларига 39 минг 307 нафар абитуриент рўйхатдан ўтган.
Рўйхатдан ўтиш жараёнида абитуриентлар томонидан тақдим этилган халқаро сертификатлар тизимли равишда ўрганиб чиқилди. Натижада, 18 минг 854 та сертификат ҳақиқий деб топилди ва тан олинди. Шу билан бирга, 3 370 та сертификат белгиланган талабларга жавоб бермагани, яъни даражаси ёки тури мос келмагани, амал қилиш муддати тугагани ёхуд ҳақиқийлиги тасдиқланмагани сабабли қабул қилинмади.
Жорий йилда тест синови топшириладиган барча фанлардан миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган 678 нафар абитуриент имтиҳонлардан озод этилиб, бевосита танлов босқичига ўтказилди. Таъкидлаш жоиз, 2024 йилда бундай имкониятдан фақат 1 нафар абитуриент фойдаланган эди.
Умуман олганда, бу йил абитуриентлар билим даражасини расмий сертификатлар орқали тасдиқлашда юқори фаоллик кўрсатмоқда. Жумладан, 85 минг 140 нафар ёш умумтаълим фанларидан, 58 минг 216 нафари эса чет тилларидан миллий ёки халқаро сертификатга эга экани маълум бўлди. Солиштириш учун айтиш мумкинки, 2024 йилда бу кўрсаткичлар мос равишда 13 минг 180 ва 44 минг 834 нафарни ташкил этган эди.
2025 йилдан бошлаб, фанлар мажмуасида чет тили биринчи фан сифатида белгиланган таълим йўналишларига қабул махсус тартибда амалга оширилмоқда. Яъни, бу йўналишларга фақат хорижий тилни билиш даражасини тасдиқловчи миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган абитуриентлар қабул қилинади. Ушбу талабга мос фанлар мажмуасини танлаган ва белгиланган сертификатга эга бўлган абитуриентлар сони жорий йилда 22 минг 41 нафарни ташкил этди.
Тест синовларининг очиқ ва шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида кенг жамоатчилик ва фуқаролик жамияти институтлари иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, жорий йилда 3 минг нафардан ортиқ номзод кенг жамоатчилик орасидан саралаб олиниб, гуруҳ назоратчиси сифатида тест синовларига жалб этилди.
Тест синовлари жорий йилнинг 14 июлидан 23 июлигача бўлган муддатда икки сменада ўтказилади. Биринчи смена соат 08:00 дан 11:00 га қадар, иккинчи смена эса 15:00 дан 18:00 га қадар белгиланган.
2025/2026-ўқув йили қабулида касбий (ижодий) имтиҳони мавжуд бакалавриат таълим йўналишларига рўйхатдан ўтган абитуриентлар учун имтиҳонлар республика бўйича 2025 йил 7 июль кунидан бошлаб 52 та олий таълим муассасасида ўтказилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА