БИМТ бош ассамблеяси доирасида икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтди

Бутунжаҳон Интеллектуал мулк ташкилоти (БИМТ)га аъзо давлатлар Бош ассамблеяси йиғилишининг 66-сессиясида иштирок этиш учун Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Акбар Тошқулов Швейцариянинг Женева шаҳрига ташриф буюргани ҳақида хабар берган эдик.
Ташриф доирасида адлия вазири Акбар Ташқулов Венгрия Интеллектуал мулк идораси (HIPO) президенти Фаркаш Саболч билан учрашди. Унда интеллектуал мулк соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми имзоланди.

HIPO – Венгрияда интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш бўйича масъул марказий давлат органи ҳисобланади. У 1896 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирда Маданият ва инновациялар вазирлигига бўйсунади. HIPO патентлар, товар белгилари, дизайнлар ва муаллифлик ҳуқуқи каби йўналишларда фаолият юритади.
Англашув меморандуми доирасида интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш, ахборот ва тажриба алмашиш, кадрлар тайёрлаш ва малака ошириш йўналишларида ҳамкорлик қилиш, шунингдек, жамоатчилик ўртасида интеллектуал мулк ҳақида хабардорликни ошириш, интеллектуал мулк инфратузилмасини ривожлантириш ва рақамли технологияларни жорий этиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Женевага ташриф доирасида А.Тошқулов БИМТнинг Ўтиш давридаги ва ривожланган давлатлар бўлими директори А.Ҳабип билан икки томонлама учрашув ўтказди.
Учрашувда интеллектуал мулк соҳасидаги истиқболли лойиҳалар, хусусан, 2027 – 2030 йилларга мўлжалланган Интеллектуал мулк миллий стратегиясини ишлаб чиқиш, географик кўрсаткичларни халқаро миқёсда тан олиш, миллий мутахассисларнинг малакасини ошириш ва БИМТ фаолиятига маҳаллий экспертларни жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Қозоғистон адлия вазирликлари ўртасида икки томонлама учрашув ҳам бўлиб ўтди. Мулоқот давомида амалдаги ҳамкорлик ҳамда келгусидаги режалар юзасидан фикр алмашилди ва қўшма ташаббуслар бўйича келишувларга эришилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА