Фанлар Олимпиадаси ғолиблари саёҳатга йўл олди

Сўнгги йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши томонидан ўқувчиларни ва уларнинг устозларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Хусусан, жорий йилда ҳам республикамиз ҳукумати томонидан бу эзгу ишлар давом эттирилиб, 2024-2025-ўқув йилида 11-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган асосий фан олимпиадасининг якуний босқичида фахрли 1-ўринни эгаллаган ўқувчилар ва уларнинг устозлари учун хорижга саёҳатга бориши режалаштирилган эди.

– Бугун IV босқич якуний фан олимпиадасида биринчи ўринни эгаллаган ўқувчилар ва уларнинг ўқитувчилари Қирғизистон Республикасига тўрт кунлик таълим саёҳатига йўл олди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот котиби Перизат Уразалиева.
Ғолиб ўқувчилар ва уларнинг ўқитувчиларини саёҳатга кузатиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири Г.Кожабаева иштирок этиб, уларга оқ йўл тилади.

Маълумот учун айтиб ўтишимиз керак, жорий йилда ўтказилган фанлар олимпиадасининг якуний босқичида, қорақалпоқ тили ва адабиёти фанидан Нукус шаҳридаги 16-сонли мактабнинг 11-синф ўқувчиси Динара Артикова (устози Марал Сапарова), қозоқ тили фанидан Қўнғирот туманидаги 21-сонли мактабнинг 11-синф ўқувчиси Ақмаржан Зинаддинова (устози Кумисай Яхиева), география фанидан Чимбой туманидаги 20-сонли мактабнинг 11-синф ўқувчиси Ақилбек Қалжанбаев (устози Мирали Жақсимов) лар биринчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлган эди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси