Дўстликда янги мактаб қад ростламоқда

197

«Дўстлик» маҳалла фуқаролар йиғини Чимбой тумани марказида жойлашган бўлиб, ҳудудда бугунги кунда 1004 та хонадонда олти мингдан зиёд аҳоли тинч-тотув ҳаёт кечирмоқда. Республикамизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг қўллаб-қувватлаши билан ҳудудда кўплаб ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Айниқса, аҳолининг мушкулини осон қилиш мақсадида, амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ҳудуд аҳолисининг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлаб, уларни олдинга бошлаяпти.

– 2022-2023 йилларда ҳудудимизда 3,3 км масофадаги кўчаларимиз асфалтланиб, 1, 2 км масофадаги йўлларга қум-шағал аралашмаси ётқизилди, – дейди йиғин раиси Бахитгул Разимова. -Шунингдек, ўтган йили маҳалламизни ривожлантириш мақсадида, республика ҳукумати томонидан ажратилган 500 млн сўм маблағ ҳисобидан, Қорақалпоғистоннинг 50 йиллиги ва Дўстлик кўчаларига замонавий электр линиялари ва ичимлик сув тармоқлари тортилиб, бир жойга светофор ва икки жойга кузатув камералари ўрнатилди. Шунингдек, икки ўринга болалар ўйин майдончаси қуриб берилди. Жорий йилда эса, ҳудудда аҳоли сони кўпайиб бориши сабабли, Наврўз кўчаси ҳудудидан 330 ўринли янги мактаб биноси қуриб берилмоқда.

– Мактаб қурилишини шу йилнинг май ойида бошлаган эдик, – дейди «Амударё хизмат кўрсатиш маркази» МЧЖ раҳбари Раҳматжон Тоҳиров. – Бино 3 қаватли, 3 блокдан иборат бўлиб, қурилиш ишларида 30 дан ортиқ қурувчи ва транспорт бошқарувчилари иштирок этмоқда. Ҳозирги кунга келиб, биринчи блокнинг биринчи қаватини қазиб бўлдик. Айни кунлари томларини бостиряпмиз. Шунингдек, иккинчи ва учинчи блокларнинг пойдеворларини қуйиш ишларини қизғин олиб бормоқдамиз. Насиб этса, мактаб қурилишини белгиланган муддатда тўлиқ якунлаб, жорий йилнинг октябрь ойига фойдаланишга топширишни режалаштирганмиз.

Чиндан ҳам бугунги кунда қурилишда ишлар қизғин. Қурувчилар куннинг шундай қулай кунларидан унумли фойдаланиб, ўқув даргоҳини ҳудуд аҳолисига сифатли қилиб топшириш йўлида сидқидилдан хизмат қилмоқда.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.