Ёшлар ғолиб параспортчилар билан учрашди

291

Нукус Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида «30 июнь – Ёшлар куни» муносабати билан «Долзарб 90 кун» лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳрида ўтказилган «Беш ташаббус паралимпиадаси» спорт мусобақаларининг Ўзбекистон Республикаси босқичида ғолиб бўлган параспортчилар билан учрашув кечаси бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазирлиги масъул раҳбарлари, Нукус Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази тренер-ўқитувчилари ва ўқувчилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазирлиги бўлим бошлиғи Икрам Қудияров ва бошқалар сўзга чиқиб, тадбир иштирокчиларини «30 июнь – Ёшлар куни» байрами, ғолибларни қўлга киритган ютуқлари билан самимий табриклади ва уларнинг келгуси мусобақаларда улкан муваффақиятларга эришишларига тилак билдирди.

Тадбирда Тошкент шаҳрида ўтказилган «Беш ташаббус паралимпиадаси» спорт мусобақаларининг Ўзбекистон Республикаси босқичида Ғолиб бўлган Перийзат Арзимова, Жарқиной Муртазоева, Муқаддас Қалбоева ва Тимур Алламуратовлар ўзларининг параспортга кириб келиши ва ғалабага эришгунга қадар босиб ўтган машаққатли йўллари, ўргатган мураббийлари ҳақида кенг тарзда сўзлаб, шундай имкониятларни яратиб бергани учун мамлакатимиз раҳбариятига ўзларининг чуқур миннатдорчилигини билдирди.

– Парабадминтон спорти билан икки йилдан буён, мураббийим Жолдасбой Уббиниязов раҳбарлигида шуғулланиб келмоқдаман, – дейди «Беш ташаббус паралимпиадаси» спорт мусобақасининг кумуш медали соҳибаси Муқаддас Қалбаева. Чемпионлик учун курашган эдим. Бироқ, омад рақибимга кулиб боқди. Келгуси вақтларда машғулотларда янада куч сарфлаб, биринчи ўринни эгаллашга ҳаракат қиламан.

Шунингдек, учрашувда республикамизда спорт соҳасида олиб борилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар ва янгиланишлар, республикамиз спортчиларининг эришаётган ютуқларини кенг жамоатчиликка таништиришга ўзларининг салмоқли ҳиссаларини қўшиб келаётган қатор журналистларга Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазирлигининг миннатдорчилик хати ва эсдалик совғалари топширилди.

Ўз навбатида журналистлар ҳам ўзларига кўрсатилаётган юксак ҳурмат ва эътибор учун тадбир ташкилотчиларига чуқур миннатдорлик билдирди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси