Ўзбекистон – Болгария: ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлида тизимли алоқалар ўрнатилди

252

Муносабат

Кўксарой қароргоҳида 10 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Болгария Республикаси Президенти Румен Радевнинг расмий делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди.

Музокараларда икки мамлакат ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Якунда Ўзбекистон ва Болгария етакчилари Икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги қўшма декларацияни имзоладилар.

Ушбу тадбирлардан сўнг бир қатор вазирларнинг бу борадаги фикрлари билан қизиқдик:

Лазиз ҚУДРАТОВ,

Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири: 

– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Болгария Республикаси Президенти Румен Радев ҳузурида икки томонлама ҳужжатлар алмашилди. Умуман, мулоқотни тарихий аҳамиятга эга дейиш мумкин. Икки мамлакатнинг дўстлик ва шериклик муносабатлари сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилади. Эътибор қаратилса, товар айирбошлаш кўрсаткичлари ўсмоқда. Кооперациянинг янги йўналишлари ва лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда. Тўқимачилик, озиқ-овқат, кимё, фармацевтика маҳсулотлари, металл буюмлар, технологик ускуналар етказиб беришни кенгайтириш орқали савдони кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзаро савдонинг ўсишини рағбатлантириш мақсадида пойтахтларда савдо уйлари очиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Болгариялик йирик тадбиркорлар IV Тошкент халқаро инвестиция форумида ҳам иштирок этмоқда. Болгария Республикаси қишлоқ хўжалиги, хусусан, мева-сабзавотларни қайта ишлаш, логистика йўналишида анча ривожланган. Бу борада энг замонавий технологияларга эга. Шу каби йўналишларда тажриба алмашамиз. Янги ғоя ва лойиҳалар устида ҳам келишувлар бўлмоқда.

Озодбек НАЗАРБЕКОВ,

Ўзбекистон Республикаси маданият вазири:

– Мамлакатларимиз ўртасида гуманитар алмашинувлар бўлаётганини алоҳида таъкидлайман. Масалан, Бухоро ва Варна, Самарқанд ва Пловдив ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилган. Мана энди Тошкент ва София шаҳарлари ўртасида шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги битим алмашилди. Кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида тегишли идоралар ўртасида тизимли алоқаларни йўлга қўйиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, келгуси йилда Ўзбекистон ҳамда Болгария маданияти ва киноси ҳафталигини ташкил этишга келишиб олинди.

Болгария маданият вазирлиги билан икки йиллик тегишли дастур имзоланиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Икки мамлакатда ўтадиган маданий тадбирлар жадвали тасдиқланиб, “йўл харита”си имзоланмоқда. Ўйлайманки, бошқа соҳаларда бўлгани каби бу йўналишдаги алоқаларимиз ҳам янги босқичга чиқади.

Қўнғиротбой ШАРИПОВ,

Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири:

– Болгария Республикасида элликдан ортиқ миллий ва хусусий олий таълим муассасалари фаолият юритади. Таълимда назарий билимлар билан бирга амалий кўникмаларга ҳам катта эътибор қаратилади. Мамлакат университетлари Европа ҳамда халқаро таълим ва илмий тадқиқотлар тармоқларига фаол киришган. Мамлакатларимиз олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик икки томонлама тажриба алмашиш, таълим сифатини ошириш ва илмий тадқиқотларни ривожлантиришга хизмат қилади.

Бугунги кунда бир қанча олий таълим муассасаларимиз Болгария университетлари билан фаол ҳамкорлик қилади. Шунингдек, бир юз ўн беш нафар талабамиз айнан ўша давлат олийгоҳларида таълим олмоқда. Бу каби халқаро ҳамкорликнинг кенгаяётгани Ўзбекистонда таълим тизимини модернизация қилиш ва халқаро стандартларга мослаштиришда муҳим жараён ҳисобланади.

Эслатиб ўтиш жоиз, эришилган келишувлар ижроси устидан тизимли назоратни таъминлаш мақсадида томонлар қўшма “йўл харитаси”ни қабул қилди.

Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбири