“Tashkent Law Spring”да юксак технологик тараққиёт жараёнида инсон манфаатлари ва адолат тамойилларига амал қилиш муҳимлиги қайд этилди
Пойтахтимизда “Tashkent Law Spring” тўртинчи халқаро юридик форуми ўз ишини давом эттирмоқда.
Рақамли даврда ҳуқуқ тизими ислоҳотига бағишланган нуфузли тадбирда 1,2 минг нафарга яқин иштирокчи, шу жумладан, 150 нафарга яқин хорижий спикер ва расмийлар, 40 дан ортиқ давлат ва халқаро ташкилотлардан вакиллар қатнашмоқда. Саудия Арабистони, БАА, Покистон, Россия, Озарбайжон, Қирғизистон каби давлатлар адлия органлари раҳбарлари, Сингапур Бош прокурори, шунингдек, “Жаҳон одил судлов лойиҳаси” ижрочи директори иштирок этмоқда.

Тадбирнинг очилишида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Tashkent Law Spring” тўртинчи халқаро юридик форуми иштирокчиларига табригини Президент маслаҳатчиси Русланбек Давлетов ўқиб эшиттирди.
Табрикда анжуманда жаҳоннинг нуфузли ташкилотлари ва 40 дан ортиқ давлатдан юқори мартабали делегатлар, етакчи олийгоҳлар ва “ақл марказлари”нинг таниқли олимлари ва экспертлари иштирок этаётгани унинг нуфузи ва аҳамияти тобора ошиб бораётганини яққол кўрсатаётгани эътироф этилди.

“Юксак технологик тараққиёт жараёнида инсон манфаатлари ва адолат тамойилларига амал қилиш, самарали ҳуқуқий механизмларни яратиш, рақамли суверенитетни таъминлаш бўйича халқаро ҳамкорликни ҳар томонлама кучайтиришни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда. Технологиялар ва виртуал муносабатлар шиддат билан ҳаётимизга кириб келаётган бугунги кунда сунъий интеллект каби тараққиётнинг энг илғор ютуқларини умумбашарият манфаатлари йўлида оқилона ва самарали фойдаланиш зарур, деб ҳисоблаймиз”, деб қайд этган давлатимиз раҳбари.
Янги Ўзбекистонда рақамли технологиялар ёрдамида давлат бошқаруви модернизацияси ва давлат хизматларини электронлаштириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳисобига “хизмат кўрсатувчи давлат” тамойилини рўёбга чиқаришга катта эътибор берилаётгани айтиб ўтилди. Анжуман доирасида илк бор Ёшлар форуми ўтказилаётгани ҳам диққатга сазоворлиги эътироф этилди.

Айтиб ўтиш керакки, форум доирасида 20 га яқин тадбир, жумладан, пленар сессия, маҳорат дарслари, давра суҳбатлари, 4 та кўргазма, шунингдек, илк бор Халқаро ёшлар юридик форуми ўтказилади.
Тадбирларда замонавий технологияларнинг ҳуқуқий тизимга таъсири, электрон ҳукумат, рақамли нотариат, юридик таълимдаги инқилобий янгиликлар, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш, юридик амалиётни рақамлаштириш каби мавзулар муҳокама қилинади.
Ҳуқуқий жараёнларни автоматлаштириш, смарт-шартномаларни жорий этиш, киберхавфсизликни таъминлаш ҳамда рақамли медиация ва суд экспертизаси борасидаги илғор тажрибалар ўрганилади.
Форум ўз ишини давом эттирмоқда.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА