Давлат мулкини хусусийлаштириш соҳасидаги қонуний асослар мустаҳкамланмоқда

Қонунчилик палатасининг мажлисида “Давлат мулкини хусусийлаштириш соҳаси такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
Мазкур ҳужжат лойиҳаси бўйича Давлат активларини бошқариш агентлиги директори ўринбосари Алишер Миралиев маъруза қилди:
— Ушбу қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг 13 та қонуни ҳамда Ер кодекси ва Солиқ кодексига давлат мулкини хусусийлаштириш ва ижарага беришни соддалаштириш мақсадида тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Унга кўра, бўш турган ва самарасиз фойдаланилаётган, шу жумладан, давлат иштирокидаги корхоналарнинг носоҳавий активларини хусусий секторга беришни жадаллаштириш мақсадида давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнлари соддалаштирилмоқда. Давлат кўчмас мулкини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олган харидорлар ер ва мол-мулк солиғини ушбу объектлар учун тўланган маблағларга пропорционал тарзда тўлаши белгиланмоқда.
Халқаро аҳамиятга молик йўл бўйларидаги бўш ер участкаларида замонавий хизмат кўрсатиш ва сервис хизматларини жойлаштиришда Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида мазкур ерларнинг тоифаси ўзгартирилиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизда жозибадор инвестиция муҳитини яратиш, тадбиркорлик субъектлари учун солиқ юкининг камайиши, давлат мулкини хусусийлаштириш соҳасини такомиллаштириш, соҳадаги ваколатли органларнинг ваколатларини белгилаш, давлат мулки ва ер участкаларини хусусийлаштириш ҳамда ижарага бериш орқали хусусий мулкчиликни кенгайтиришга, тадбиркорларга қўшимча енгилликлар берилишига хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА