Уруш қатнашчилари ва фахрийлардан хабар олиниб, Президент совғалари топширилди

9 май – Хотира ва қадрлаш куни
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Қодирбай Нарманов ва Мария Ивановна, шунингдек, фронт ортида меҳнат қилган Равшан Самарканова, таниқли давлат ва жамоат арбоби, Меҳнат Қаҳрамони Қаллибек Камалов хонадонида бўлиб, байрам совғаларини топширди.
Фахрийларни 9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги билан самимий табриклаб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг байрам табриги ўқиб эшиттирилди.
Учрашувларда ғалабага ҳисса қўшган қаҳрамонлар, фронт ортида хизмат қилган фахрийлар, юртимиз равнақи йўлида меҳнат қилган нуронийларнинг эзгу ишлари доимо ёдга олиниб, уларга ҳурмат кўрсатилиши таъкидланди.
Президентимиз топшириғи асосида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига 10 минг доллар миқдорида бир марталик пул мукофоти, фахрийларга ҳам пул мукофотлари топширилди. Шунингдек, Президент совғалари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Вазирлар Кенгаши, Шимолий-Ғарбий ҳарбий округи, Нукус шаҳар ҳокимлиги ва қатор ташкилотлар номидан ҳам қимматбаҳо совғалар топширилди.








Албатта, жангчиларимиз ва улар қаторида фронт ортида меҳнат қилган фахрийлар, халқимиз фаровонлиги йўлида фидокорона хизмат қилган меҳнат қаҳрамонларининг жасоратли ишлари, улкан ишонч ва матонати бугунги ва келгуси авлодлар учун ибрат намунаси бўлиб хизмат қилади.
Жойларда байрамга бағишланган тадбирлар давом этмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги