Сувдан оқилона фойдаланишни таъминлаш – муҳим масала

ФОТОРЕПОРТАЖ

Жорий йилда ҳукуматнинг тегишли қарорлари ҳамда дастурлар асосида Қорақалпоғистон Республикасидаги 4 та каналда реконструкция, бетонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Улардан бири Нукус туманидаги “Ақманғит” каналидир.

Дастур доирасида мазкур каналнинг 9,5 километр қисмини бетонлаштириш белгиланган бўлиб, бу ишларга 9 миллиард 500 миллион сўм маблағ ажратилган. Ҳозирги кунда канални жорий суғориш мавсумигача белгиланган қисмида бетонлаш ишлари ниҳоясига етказилиб, каналга сув очилди.

Мазкур канал орқали тумандаги бир қанча фермер хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонлари сув билан таъминланади. Қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сувдан оқилона фойдаланиш ўзининг ижобий натижасини бериши тажрибадан маълум. Шунинг учун бу муаммоларни ҳал қилишда канал, ариқ, зовурларни бетонлаш жуда муҳим ҳисобланади.

Эътиборлиси, канални реконструкция қилиш бўйича режалаштирилган ишларни амалга ошириш натижасида, йилига 7 миллион метр куб сув иқтисод қилиниши кутилмоқда. Шу билан бирга, жами 2 минг гектардан ортиқ фермер хўжалиги ҳамда аҳоли томорқа майдонларининг сув таъминоти яхшиланади. Асосийси, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида амалга оширилаётган ушбу ишлар сарф-харажатларни камайтириш, қишлоқ хўжалигида мўл ҳосил етиштиришга асос бўлади.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА