Лойиҳа доирасида ногиронларга яратилган шароитлар ўрганилди

389

Маълумки, «Ўзбекистон – 2030» стратегияси ва ЎзЛиДеПнинг сайловолди дастурида ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитлар яратиш, ижтимоий хизматлар кўрсатиш ва камбағалликни қисқартириш, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим яратиш ҳамда улар учун қулай ва мақбул муҳитни яратиш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилган.

Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси билан ҳамкорликда «Инклюзив жамият сари» лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, самарали ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида ҳам лойиҳа доирасида ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси Шарап Отемисов билан ҳамкорликда ўрганишлар олиб борилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, лойиҳа ишчи гуруҳи раҳбари ўринбосари Жасур Жумаев иштирок этди.

Ишчи гуруҳ дастлаб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида бўлиб, марказ фаолияти ва унда ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган имкониятлар билан танишди.

– Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ногиронлиги бўлган шахсларга «муаммоси бор инсонлар» деб қарашдан воз кечиб, уларнинг имкониятини кенгайтириш учун, аввало, ижтимоий-иқтисодий тизимни такомиллаштириш йўлидан боришимиз, бунинг учун имконияти чекланган фуқаролар мамлакатимизнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиши учун «тўсиқсиз муҳит,» яъни қулай шароит яратиш зарур, – дейди Ж.Жумаев.

Жумладан, кейинги йилларда Ўзбекистонда инклюзив жамиятни босқичма-босқич барпо этиш борасида мақсадли саъй-ҳаракатлар амалга оширилди. Хусусан, фуқароларга ўз танловига кўра, давлат томонидан бериладиган сертификат ҳисобидан исталган ишлаб чиқарувчидан протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларини харид қилиш механизми жорий этилди.

Мамлакатимизда биринчи марта эҳтиёжманд аҳолини замонавий протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация техник воситалари билан таъминлаш йўлга қўйилди. Тиббий-ижтимоий хизматларни ахборот-коммуникация технологиялари  асосида кўрсатиш бўйича махсус электрон дастурий таъминот – «Ижтимоий хизмат» электрон платформаси ишлаб чиқилди ва ишга туширилди. Бунда тегишли вазирлик ва идораларга ногиронлиги бўлган шахслар томонидан онлайн мурожаат қилиш имконияти яратилди.

Ногиронлик белгилари яққол кўриниб турган, анатомик нуқсонлари бўлган шахсларни клиник-функционал маълумотларни олишга доир қўшимча текширувдан ўтказмасдан, фуқаронинг иштирокисиз ногиронликни муддатсиз белгилаш механизмлари жорий этилди. Мамлакатимизда ногиронликни белгилашнинг «ижтимоий» моделига босқичма-босқич ўтиш концепцияси лойиҳаси ва уни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилди.

Бугунги кунда Нукус шаҳри «INSAN» ижтимоий хизматлар маркази томонидан 479 нафар имконияти чекланган шахслар протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация техникаси билан таъминланган. Улар орасида Парахат Божанов ҳам бўлиб, тақдир тақозоси билан икки оёғидан айрилган. Лекин у шунга қарамай уйида акфа ойна ва эшиклар ишлаб чиқаради. Унга янги протез-ортопедия жиҳозларини олиш учун марказ томонидан 30 млн сўм пул маблағи ажратилган.

Депутат Ж.Жумаев Парахат аканинг хонадонида бўлиб, унинг фаолияти билан танишди.

– Ногиронлик ишлай олмайди дегани эмас, бу тушунчани лаёқатсизликка асослаш нотўғри ёндашув, – дейди Парахат Бўжанов. Икки оёғим протез, ҳаракатланишимга оғирлик ва ноқулайлик келтиради. Лекин мен оила бошлиғи сифатида уйда бекор ётишга уяламан. Тўғри, менинг имкониятим айрим масалаларда чекланган. Лекин бу тўлиқ давлат ва ота-она қарамоғида яшаш деган тушунчани англатмайди. Ўз эҳтиёжларимни қоплаш ва оиламни боқиш учун ўз имкониятимдан келиб чиқиб, иш топиш ниятида айрим ташкилотларга мурожаат қилиб кўрдим, фойдаси бўлмади. Akfa ишлаб чиқарадиган устага шогирд бўлдим. 3 ой бепул ишладим, етарли тажриба олгандан сўнг, давлатимиз томонидан ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка кенг жалб қилиш мақсадида берилаётган субсидия асосида фоизсиз кредит олдим. Ҳозир ишларим яхши.

Ишчи гуруҳ шунингдек, «Чимбой гузари» МФЙдаги Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлимига қарашли «Нукус текстиль» унитар корхонаси билан ҳам яқиндан танишди. Корхона раҳбари Паршагул Давлетиярова атрофида ногиронлиги бўлган 10 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаб келаётган намунали тадбиркор аёл. Корхона бошлиғи П. Давлетиярова иккинчи гуруҳ ногирони. Лекин шунга қарамай у 25 йилдан буён ўзининг севимли касби – тикувчилик билан шуғулланиб келмоқда. У кийим-кечак, кўрпа-тўшак, адёл, болалар костюмларини тикади. Дастлаб бу иш билан унинг бир ўзи шуғулланар эди, кейинчалик у давлатдан имтиёзли кредит олиб бошқа ногиронларга ҳам шу касбни ўргатди. Ҳозирги кунда «Нукус текстиль» унитар корхонасида 20 дан Паршагул опанинг айтишича, бу иш билан шуғулланишдан унинг асосий мақсади даромад олиш эмас.

– Биз ўз маҳсулотимизни сотишдан олган даромадимизнинг бир қисмини уй-жойларни таъмирлаш, ногиронлар учун зарур ускуна, дори-дармон сотиб олиш ва уларнинг муаммоларини ҳал этишга сарфлаймиз. Ўзим ҳам ногирон бўлганим учун уларнинг муаммоларини жуда яхши тушунаман, – дейди тадбиркор.

Самимий суҳбат давомида депутат томонидан Паршагул опанинг инсонпарварлик бизнеси барчага намуна эканлиги таъкидланиб, фаолият доирасидаги ҳуқуқий маълумотлар бериб ўтилди. Шунингдек, уларнинг муаммо ва мурожаатлари тингланди.

Куннинг иккинчи ярмида ишчи гуруҳ «Инклюзив таълимдан – инклюзив жамият сари» лойиҳаси доирасида Республика Олий ўқув юртларида олиб борилаётган тадбирлар билан яқиндан танишиш мақсадида, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида бўлди.

Ўрганиш ишлари давомида ўқув муассасасидаги ногиронлиги бўлган талаба ёшлар таълим оладиган таълим муассасаларининг зарур адабиётлар, методик қўлланмалар, ўқитиш учун инклюзив таълим тизими ташкил этилганлиги, таълим муассасасининг махсус жиҳозлар (кўтариш қурилмаси, пандус, тутқич ва бошқалар), шунингдек, тегишли кадрлар (махсус педагог, руҳий-педагогик назорат бўйича мутахассислар) билан таъминланганлиги ўрганилди. Депутат университетда таҳсил олаётган ногиронлиги бўлган талаба ёшлар билан учрашиб, ногиронлиги бўлган шахсларга ажратилган 85 хил имконият ва имтиёзлар бўйича маълумотлар бериб ўтди. Шунингдек, олий ўқув юрти ётоқхонасида таҳсил олаётган талаба-ёшларнинг ҳолидан хабар олди.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш тарзини яхшилаш, жамиятда ўз ўрнини топиши борасидаги тадбирларни янада такомиллаштириш мақсадида депутат Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари Рустам Сапарбаев билан учрашди.

Учрашувда сўнгги йилларда мамлакатимизда ногиронликни белгилашнинг ижтимоий моделига босқичма-босқич ўтиш, барча фуқаролар, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар учун инклюзив жамият барпо этиш бўйича изчил ҳаракатлар бошлангани таъкидланди.

Самимий суҳбат давомида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари Р.Сапарбаев томонидан ишлаб чиқилган «Барча янги туғилган болалар учун болалар депозитини очиш бўйича» лойиҳа муҳокама қилинди. Депутат Ж.Жумаевнинг таъкидлашича, мазкур лойиҳа бола вояга етганда шахс сифатида шаклланиши, қобилиятини ривожлантириш учун мустақил молиявий ресурсларга эга бўлишини таъминлашга хизмат қилади. Ўз  навбатида, давлатдан ёрдам маблағларини талаб қилиш ва ижтимоий кўмакка қарамлик ҳисси камаяди.

Шунингдек, депутат Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раҳбари Жаббор Норбоев билан биргаликда, ҳудуднинг бир қатор ижтимоий ва маданий мерос объектлари, овқатланиш, савдо марказлари ва автостанцияларда ногиронлиги бўлган шахслар учун тўсиқсиз муҳит шароитлари яратилганлиги бўйича жамоатчилик мониторинги ўтказилди. Ўрганиш давомида аниқланган камчиликлар бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.

– Қоидага кўра, биноларнинг автотураргоҳларида ногиронлиги бўлган шахслар учун алоҳида жой ташкил этилиши керак. Бундан ташқари, биноларга кириш қисмларида пандусларнинг баландлиги шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари (ШНҚ 2.07.02-22) талаблари даражасида бажарилиши зарур. Шунингдек, белгиланган нуқталарга йўналтирувчи белгилар ва тактил қопламалар ўрнатилиши, қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш ва хизмат кўрсатиш пунктлари, ногиронлик аравачалари. ҳаракатланувчи шахслар учун мослаштирилиши мажбурий, – дейди Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раҳбари Жаббор Норбоев.

Бу борада қурилиш соҳаси мутасаддилари, соҳага оид ташкилотлар раҳбарлари қатъий огоҳлантирилди. Йўл қўйилган камчиликларни тез муддатларда бартараф этиш, белги ва кўрсаткичлар ўрнатиш бўйича тавсиялар берилди.

Учрашув давомида юзага келаётган муаммо ва камчиликлар атрофлича муҳокама қилиниб, унинг ечими бўйича дастурий режалар ишлаб чиқилди.

«Инклюзив жамият сари» лойиҳаси ногиронлиги бўлган шахсларга эркин ҳаёт кечиришга, ўз ўрнини топишга ва жамиятнинг фаол аъзоси бўлишга ёрдам беради. Бу нафақат айрим шахслар, балки бутун жамият учун улкан ютуқдир.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги