АҚШ – Украина: Сиздан угина, биздан бугина…

АҚШ бир неча ой давом этган кескин музокаралардан сўнг Украина билан ушбу мамлакат энергетика ва минерал ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда BBC ёзган.
Икки давлат Украинанинг Россия билан урушидан кейинги иқтисодий тикланишни рағбатлантириш учун қайта қуриш сармоя фондини ташкил этишга қарор қилишди.
Қўшма Штатлар молия вазири Скотт Бессент айтишича, Киев учун бу келишув ҳарбий ёрдамга эришиш йўлида муҳим қадам ҳисобланади.
Украинада графит, титан, литий каби муҳим минералларнинг улкан захираси бор, дея ишонилади. Бу моддалар қайта тикланадиган энергия, ҳарбий ва саноат инфратузилмасида қўлланилиши боис бозори чаққон маҳсулотлар саналади.
Дарвоқе, шартнома АҚШнинг Хитой билан савдо уруши шароитида амалга оширилди.
Мусулмон Зиё, ЎзА