Биз филолог журналистлар бўлдик…

685

«Илҳом ва сўз қудрати» танловига

1993 йил. Тест синовларининг мамлакатимиздаги олий ўқув юртларига жорий этилган биринчи йилида ўқишга кирган омадли ёшлар орасида мен ҳам бор эдим. Айни ўн етти ёш. Туман ва шаҳарлардан келган содда йигит-қизлар эдик. Уяли телефон йўқ, интернет йўқ. Танишишга ҳам бир-биримиздан тортиниб, кўп вақтларда дўстларимиз билан апоқ-чапоқ бўлганмиз…

Биз таълим олган журналистика кафедраси Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг филология факультети таркибида бўлиб, ўқув даргоҳининг учинчи қаватида ўқир эдик. Факультетимиз мисоли халқлар дўстлигининг намунаси бўлиб, қорақалпоқ, ўзбек ва туркман филологияси талаба ёшлари билан аралашиб, биргаликда таълим  олдик.

У вақтда журналистика кафедрасида бизларга мутахассислик фанлардан таълим берадиган устозларимиз илмий ишларини ёқлаб, баъзилари энди аспирантурада ўқиётган пайтлари эди. Дарслик китоблар, назарий билим олишга имкониятлар жуда кам эди. (Ҳозир интернет ривожланиб, имкониятлар кенгайди). Кафедра мудири Малика Жумамуратова, Тамара Машарипова, Зиёда Қожиқбоева, Давлатбой Бекбаулиев, Қувватбой Есебаев, Абдисамет Абдимуратов ва бошқа мутахассислик фани ўқитувчилари бизга журналистика бўйича билим ва тушунча бериб борди.

Факультетдаги қорақалпоқ тили ва адабиёти фани бўйича профессор-ўқитувчилар, яъни ўша даврдаги тирик афсоналар Сражатдин Ахметов, Қобил Мақсетов, Есемурат Бердимуратов, Камал Мамбетов, Абдисайит ва Юнис Пахратдиновлар, Айжариқ Бекбергенов, Абат Давлетовларни ўз кўзимиз билан кўриб, уларнинг айримларидан таълим олишимиз ўша даврнинг ёшларининг бири сифатида менда катта таассуротлар қолдириб, кўнглимни фахр туйғулари эгаллайди. Улар ҳақида ўлмас ажойиб хотиралар қолган. Масалан, «Адабиёт теорияси» фанидан дарс берган филология фанлари доктори, профессор Камал Мамбетовнинг ўзига хос  дарс ўтиш усули, маҳорати бор эди. У қўлида журнал билан кириб келар, бошидаги шапкасини стол устига ечиб қўяр ва дарсни ҳеч қандай маъруза қўлланмасига ёки китобга қарамасдан баён қилар эди. Йирик гавдали савлат тўкиб юрадиган устозимиз жуда мулойим, оқ кўнгил инсон эди. Дарс тугаганда журнални олиб кетаверади-ю, лекин, телпаги қолиб кетади. Шундан кейин биринчи партада ўтирган мен қўлимга телпакни олиб югуриб, орқасидан олиб бориб берар эдим. Камал Мамбетов қандай дарс ўтса, бизлардан ҳам ўзи ўргатганидек билимни талаб этар эди. Айниқса у аёл-қизларни жуда ҳурмат қилар ва гуруҳимиз йигитларига ҳам шуни айтар эди. Устоз бошқа ишга ўтиб кетган пайтлари шоир ва олим Бахтиёр Генжемуратов унинг ишини давом эттириб, бизларга қорақалпоқ адабиёти назарияси бўйича мукаммал билим берди. Шунингдек, биз журналистика мутахассислиги бўйича устозларимиздан (у пайтлари ҳар курсда бир гуруҳ бор эди ва бўлимларга бўлинмаган пайтлари эди) билим олишимиз билан бирга қорақалпоқ тили ва адабиёти фанидан мукаммал билим олишга муяссар бўлдик. Қорақалпоқ адабиёти тарихи фанидан таълим берган устозимиз Юнис Пахратдиновнинг қаттиққўллиги ва сустлиги устунлигидан чўчиб, билганимизни ҳам айта олмай ўтирганимизда «Менинг кўринишим қаттиққўл бўлгани билан ички дунём яхши, тортинмай айта беринг,» деган вақтида ичимиздаги нафасимизни чиқариб, эркин нафас олганмиз. Айниқса, филология фанлари номзоди Ҳурлиман Ўтемуратованинг талабчанлиги билан қорақалпоқ фольклорининг 20 жилдлигини топиб, ўзига олиб бориб кўрсатганларимиз бугунгидек ёдимда. Унинг «достонларни ўқинг, шунда фикр доирангиз кенгайиб, тил бойлигингиз ҳам ортади,» деб талаб қилганлигидан достонларни ёддан айтиб берган бўлсак, Абат Давлетовнинг фонетикадан таълими бўлажак журналистларнинг нутқ маданиятида ош қотди десам муболаға бўлмайди. Талабалик йилларимиз бизлар учун қайтиб келмас, олтин давр бўлди. Интернетсиз-оқ, китоб ўқиб, устозлардан таълим-тарбия олиб, мутахассислик эгалладик. Филология факультети журналистика мутахассислигида таҳсил олиб, она тилимиз қорақалпоқ тилида мақолалар ёзиб республика газеталарига мақолалар ёзиб, сўзнинг қудрати нақадар юксак эканлигини англадим. «Сизлар бўлажак журналистларсиз, келажакда халқнинг дарди билан яшаб, жамиятда учраётган муаммоларни бартараф этишга ҳисса қўшишингиз керак. Ҳақиқатни ёзишингиз керак,» -деб таълим берган устозларнинг сўзи талабалик пайтимдаёқ қаламимга «қамчи» бўлган. 1994 йили «Қорақалпоғистон ёшлари» газетасида «Талабадан бой халқ йўқ дейишади…» номли танқидий мақоламнинг эълон қилиниши, ўқув юртидаги айрим ўқитувчиларнинг китобларни мажбуран сотиб, талабанинг озгина стипендиясини йиғиб олиш масаласи авж олиб кетганлигини танқид қилганлигим баъзиларга ёқмаган. Сўз эркинлиги қоғозда, лекин амалда ўз кучига эга эмаслиги давр ҳақиқати эди. Мана, орадан неча йиллар ўтиб, оммавий ахборот воситаларида очиқликка эришилмоқда. Президентимизнинг алоҳида эътибори билан мажбурий меҳнатга жалб қилиш, мажбурий пахта йиғим-терими, мажбурий газета-журналларга обуна бўлиш билан мажбурий китоб сотиш масалаларига барҳам берилди. Зиёли қавм мажбурий меҳнат ва талаблардан халос бўлди.

– Эрнест Хемингуэй америкалик ёзувчи ва журналист. Унинг журналистлик лабораториясини ёзишинг учун АҚШга бориб келишинг керак, мавзу хато берилган,-деб «Эрнест Хемингуэйнинг журналистлик лабораторияси» деган битирув диплом ишимнинг мавзусини…»Журналистлик маҳорати» деб ўзгартириб берган илмий раҳбарим Камол Мамбетов диплом ишимни ёзишимда маслаҳатларини беришдан чарчамаган.

– Хемингуэйни ёзишинг осон эмас. Шунинг учун унинг журналистик жанрдаги асарларини ўқиб, уни қорақалпоқча яхши кўриб, қорақалпоқча ёзишинг керак. Шунда ишинг яхши чиқади,- деган устознинг бир гапи эсимда қолган. Интернет йўқ, адабиётлар етарли эмас, бор бўлса ҳам рус тилида бўлгани учун,  тилни чалкаштирмай тоза ёз деган экан-ов деб ўйлайман ҳозир эслаб.

Даврлар ўтди. Университетни битириб, ҳаёт йўлига қанот боғлаб, турмушдан, ишдан ўрнимизни топиб кетганимизга ҳам бу йил ўттиз йилга яқинлашиб қолибди. Биз қорақалпоқ тили ва адабиёти илмига бир туркум бўлиб «келиб-кетган» машҳур олимлардан таълим олиб, улар билан замондош бўлганимиздан ғоят фахрланамиз. Улардан олган билимларимиз ҳаёт йўлимизда ўз самарасини бериб келмоқда. Гуруҳимиздан қорақалпоқ журналистикасида ўз ўрнига эга бўлиб, хизмат қилиб келаётган тележурналистлар Шаригул Аметова, Арзайим Бердимуратова, Зухра Абдирахманова, радиожурналистлар Дилбар Аманлепесова, Дилбар Қидирниязова, Лала Нуратдинова, ЎзА да Фотожурналист М.Ҳабибуллаев шунингдек, филология фанлари бўйича диссертация ҳимоя қилиб, олий ўқув юртларида ўқитувчилик қилиб келаётган Қ.Қалекеев ва А.Алламбергеновлар билан бошқа курсдош дўстларимиз устозлардан олган билимларини тажрибада қўллаб, яхши натижаларга эришиб келмоқда. Улар орасидан халқаро «Олтин қалам,» Ўзбекистон миқёсида «Йилнинг энг фаол журналисти» ва бошқа танловлар ғолиблари  ва совриндорлари етишиб чиқди.

Қорақалпоқ тили ва адабиёти мутахассислигининг қорақалпоқ журналистикаси билан чамбарчас боғлиқлиги бу соҳада меҳнат қилиб келаётган барчамизга маълум бўлганидек, биз шу тилда сўзлаб, шу тилда халққа хизмат қилиб, шу тилда нон еб, шу тилда алла айтиб, шу тилда фарзандларимизга тарбия беришимиз билан бирга, «биз филолог журналистлар бўлдик» деб айтгим келади. Чунки, филология факультетида буюк устозлардан олган билим ва тарбия орқали бугун юртимизга, халқимизга хизмат қилиб, келажак сари қадам ташлаб боряпмиз.

Гулнора Турдишова, Қорақалоғистон ахборот агентлиги шархловчиси