“Grenke Freestyle Chess Open”да ҳамюртимиз ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди

Германияда якунланган “Grenke Freestyle Chess Open” халқаро турнирининг “А” гуруҳида Жавоҳир Синдоров 294 нафар иштирокчи орасида 6,5 очко билан 22-ўринни эгаллаган бўлса, мазкур мусобақанинг “В” гуруҳида дона сурган умидли шахматчимиз Файзулло Ҳалимжонов 8 очко билан ғолибликка эришди.
Нуфузли мусобақанинг “А” гуруҳида норвегиялик Магнус Карлсен 8-турдаёқ 4 карра Озарбайжон чемпионлигига эришган Рауф Мамедовни мағлуб этиб, ғолибликни муддатидан аввал ҳал этди.
Жавоҳир Синдоровнинг мазкур турнирда кучлилар сафидан ўрин олишига жуда оз қолганди. Аммо 8-турда германиялик Фредерик Свейнга қарши кечган баҳсда Синдоров оқ доналарда ҳаракатланганига қарамай, учрашувнинг 28, 29-юриш ҳолатларида қўпол хатога йўл қўйгани рақибига устунликни тақдим этди. Бу эса ўз навбатида, ҳамюртимизнинг очко йўқотиши ортидан совриндорликка даъвогарлар рўйхатидан мосуво этди.

“А” гуруҳидаги ўйинлар сарҳисобига биноан ғолиб шахматчи 9 очко жамғарган бўлса, кейинги поғоналардан жой олган 7 нафар иштирокчи 7, 16 нафар шахматчи 6,5 очко жамғаришга муваффақ бўлди.
“В” гуруҳида дона сурган ҳамюртимиз Файзулло Ҳалимжоновнинг 194 нафар иштирокчи орасида шов-шувли ўйин намойиш этгани ушбу мусобақанинг ўзбек шахмати учун эътиборли жиҳати бўлди.
Ҳамюртимиз ўтказилган 9 та турнинг 7 тасида ғалаба, 2 тасида дуранг натижа қайд этиб, 8 очко билан ғолибликни тантана қилди. Ҳалимжонов ушбу ютуғи ортидан турнир низомига мувофиқ “В” гуруҳи ғолиби учун белгиланган 2 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти соҳибига айланди.
Т.Рўзиев, ЎзА