Конституция – фаровон ҳаётимизнинг ҳуқуқий кафолати

164

Муносабат

Конституция ҳақида сўз юритар эканмиз, энг аввало ҳужжатнинг халқимиз ҳаётидаги ўрни ва роли, фуқароларимизнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатини таъминлашдаги аҳамияти, юртимизда яшовчи ҳар қандай миллат вакилларининг миллий қадриятларини қўллаб-қувватлаш борасидаги алоҳида вазифаларини таъкидлашимиз лозим.

Бу йил Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 32 йил тўлади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 86-моддасига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси ўз Конституциясига эга бўлиши кераклиги белгилаб қўйилган бўлиб, 1993 йил 9 апрель куни ХХVI боб ва 121-моддадан иборат Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди.

Мамлакатимизда яшовчи фуқароларнинг турмуш тарзини яхшилаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уни қадрият даражасига кўтариш – Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг ҳам энг катта мақсади ҳисобланади.

Сўнгги йилларда Президентимиз томонидан Қорақалпоғистон Республикасига катта эътибор қаратилиб, фуқароларнинг яшаш шароитларини янада яхшилаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Бундай ташаббуслар натижасида қисқа муддат ичида республикамизнинг ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий соҳаларида улкан ўзгаришлар юз бераётганини алоҳида таъкидлашимиз лозим.

Айниқса, қорақалпоғистонлик ёшларга, хотин-қизларга, шунингдек, тадбиркорларга яратилаётган имкониятлар, кўрсатилаётган ғамхўрликлар негизида уларнинг ҳаётида катта бурилишлар юз бераётганига ҳар қадамда гувоҳ бўлиб турибмиз.

Шунингдек, замондошларимизнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашига алоҳида эътибор қаратилиб, мамлакатимиз тараққиётида фидокорона иштирок этаётган инсонлар меҳнати муносиб баҳоланаётгани барчамизни қувонтиради.

Мамлакатимизда қабул қилинаётган ҳар қандай қонун ва ижобий ташаббусларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти Конституциямизда ўз аксини топганини ҳам таъкидлашимиз лозим.

Шундай экан, юртимизда яшовчи ҳар бир фуқаро ҳуқуқ ва мажбуриятларини билган ҳолда, қонунда белгилаб берилган масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда, мамлакатимиз тараққиёти йўлида фидокорона хизмат қилиши мақсадга мувофиқдир.

Фурсатдан фойдаланиб, барчани Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 32 йиллиги муносабати билан самимий табриклайман.

Руслан Джумамуратов,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги