Парламентлараро Иттифоқнинг Тошкент ассамблеясида қандай масалаларга эътибор қаратилмоқда?

186

Тошкент шаҳрида Парламентлараро Иттифоқнинг 150-ассамблеяси ўз ишини давом эттирмоқда. 2025 йил 5-9 апрель кунлари бўлиб ўтадиган нуфузли халқаро анжуманда 190 га яқин давлатдан келган 2 мингга яқин делегат, халқаро ташкилотлар вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этмоқда.

 

Ассамблея биринчи иш кунида учрашувлар, самарали мулоқотлар ташкил этилди. Кун давомида Аёл парламентарийлар бюроси мажлиси, Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди. Ассамблеянинг тантанали очилиш маросими ҳам ўтказилди.

Ўзбекистон Президенти ташаббуси асосида ташкил этилган, “Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати” мавзусида ўтказилаётган Ассамблея доирасида ижтимоий тараққиётга эришиш, адолатли жамиятни барпо этишда парламентлар иштирокини кенгайтириш ва фаоллигини оширишга қаратилган турли тадбирлар ва дебатлар ташкил этилмоқда.

Халқаро тадбирнинг иккинчи иш кунида Ассамблея бошқарув қўмитаси, Бошқарув кенгаши, Соғлиқни сақлаш бўйича маслаҳат гуруҳи мажлислари ўтказилди. Тинчлик ва халқаро хавфсизлик масалалари бўйича доимий қўмита, Барқарор ривожланиш бўйича доимий қўмиталарда резолюция лойиҳаси муҳокама қилинди. Ёш парламентарийлар форуми кенгаши, Парламентлар бош котиблари ассоциацияси йиғилиши ташкил этилди. “Парламентнинг ижтимоий ривожланиш ва адолат йўлидаги саъй-ҳаракатлари” мавзусидаги умумий мунозаралар бошланди.

Бугун, 7 апрель – Ассамблеянинг учинчи иш кунида умумий дебатлар давом этмоқда.

Ассамблея ишида муҳим воқелик бўлиши кутилмоқда –  Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташриф буюриб, нутқ сўзлаши кун тартибидан ўрин олган.

БМТ ишлари бўйича доимий қўмита бюроси сессияси ўтказилади. Тинчлик ва халқаро хавфсизлик масалалари бўйича доимий қўмита резолюция лойиҳасини ишлаб чиқишни якунлаши кўзда тутилган.

Фан ва технологиялар масалалари бўйича ишчи гуруҳ, Демократия ва инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича доимий қўмита, Парламент аъзоларининг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси сессиялари ўтказилади.

Парламентлар бош котиблари ассоциацияси йиғилиши ташкил этилади. Украинадаги урушни тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича ишчи гуруҳ сессияси бўлиб ўтади.

Бошқа қўмиталарнинг ҳам ёпиқ сессиялари ташкил этилади. Фавқулодда масала бўйича овоз бериш ўтказилиши режага киритилган.

Н.Абдураимова,

Н.Ҳайдаров (сурат),

ЎзА