Европа инвестиция банки Ўзбекистонни қўллаб-қувватлайди

151

Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 7 февралда “Ўзбекистон-2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонни имзолаган. Фармонда мазкур стратегия ва Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида белгиланган вазифалар ижросини оғишмай ташкил этиш, БМТ Иқлим ўзгариши ҳадли конвенцияси Киото протоколи ва Париж битими доирасида мамлакатнинг глобал ҳамжамият олдида олган мажбуриятларини бажаришда тармоқ ва соҳаларнинг уйғун “яшил трансформация”сини амалга ошириш, рақобатбардошлик ва ресурс тежамкорлигини таъминлаш, иқлим ўзгариши оқибатини юмшатиш, шароитга мослашиш, аҳолининг турмуш сифатини яхшилаш ва иқтисодий ўсишнинг янги “яшил ривожланиш” моделига ўтиш масалалари асосий мақсад этиб белгиланган.

Айни жараёнда Европа инвестиция банки (ЕИБ) Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишида муҳим ўрин тутиб, мамлакатнинг иқлим ва инфратузилма мақсадларига эришишга қаратилган қатор йирик лойиҳаларини қўллаб-қувватламоқда.

ЕИБ вице-президенти Кириакос Какурис мулоҳазасига кўра, ушбу молиявий тузилма Орол денгизини тиклаш бўйича Франция тараққиёт агентлиги билан фаол ҳамкорлик қилмоқда. Муҳим экологик, ижтимоий ва иқтисодий таъсирга эга мазкур лойиҳа минтақавий ва глобал экологик фойда келтириши кутиляпти.

– Биз Орол денгизини муваффақиятли қайта тиклаш тарафдоримиз, – дейди жаноб Какурис. – Хавфни баҳолашга комплекс ёндашув самарадорлик, барқарорлик ва масъулият бўйича энг юқори стандартга жавоб беради. Бундай чора-тадбирлар ижобий иқтисодий, ижтимоий ва экологик натижани таъминлайди.

ЕИБ кўмаги нафақат денгизни тиклаш, балки барқарор ўрмон хўжалигини яратишга ҳам тааллуқли. Бунинг учун йилига қарийб 1,2 миллиард евро сармоя киритамиз. Банкимиз бу борада жаҳондаги етакчи кредиторлардан бири ҳисобланади. Зеро, биз 50 йилдан буён барқарор ўрмон хўжалиги лойиҳаларини молиялаштириб келяпмиз. Сармоямиз биология хилма-хиллигини сақлаш, иқлимга чидамлилик, барқарор ўрмонга асосланган иқтисодиётни ривожлантиришга ҳисса қўшади. Айни чора-тадбирлар Европа Иттифоқининг иқлим ўзгариши оқибатини юмшатишга қаратилган кенг кўламли мақсадлари, БМТ БРМни қўллаб-қувватлашга мос келади.

Шунингдек, ЕИБ Марказий Осиёдаги бошқа саъй-ҳаракатлар, жумладан минтақада транспорт инфратузилмасини яхшилаш учун Қозоғистон Тараққиёт банки билан 200 миллион евролик кредит келишувини тасдиқлади. Ушбу ҳамкорлик доирасида барқарор транспорт лойиҳалари, ўзаро савдо, Европа ва Марказий Осиё алоқаларини мустаҳкамлаш учун 3 миллиард евро атрофида маблағ жалб этиши кутиляпти.

“Йўл харитаси” ва “Global Gateway” ташаббуси орқали ЕИ ва Марказий Осиё мақсадларига мос келадиган лойиҳалар қўллаб-қувватланади. Айни сармоя транспорт йўналишларини диверсификация қилиш, йўллардан фойдаланиш имкониятини яхшилаш, минтақада иқтисодий ўзаро боғлиқликни оширишда муҳим аҳамиятга эга.

Умуман, ЕИБ Ўзбекистонда транспорт, рақамли уланиш, қайта тикланадиган энергия каби турли соҳаларда фаол иш олиб бормоқда. Шунингдек, қуёш энергетикаси лойиҳалари, жумладан учта йирик фотоэлектр станцияси учун 83,6 миллион доллар кредит ажратдик. Бундан ташқари республиканинг чекка қишлоқ туманларини кенг чизиқли интернет билан таъминлаб, SES билан ҳамкорлик орқали рақамли тафовутни бартараф этишга ёрдам бермоқчимиз. Инклюзив ва барқарор ривожланиш тарафдоримиз. Рақамли уланиш ва қайта тикланадиган энергия манбаларига сармоя киритиб, айниқса, қишлоқларда таълим, соғлиқни сақлаш ва иқтисодий салоҳиятдан фойдаланиш имкониятини яхшилашга ёрдам берамиз.

ЕИБнинг узоқ муддатли мақсади яшил инфратузилма лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш ва техник экспертиза тақдим этиш орқали Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишини қўллаб-қувватлашдан иборат. Биз расмийлар билан ҳамкорликни давом эттириб, мамлакат иқлими ва иқтисодий барқарорлигига ҳисса қўшишда давом этамиз.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА