“Tashkent open”да ғолибликка даъвогарлар сафи янгиланди

Пойтахтимизда давом этаётган XVIII “Tashkent open” турнирининг ортда қолган 6-тур баҳслари етакчиликка номзод шахматчилар жойлашувида янгича кўринишни келтириб чиқарди.
Кеча ўтказилган 6-тур ўйинларида ”А” гуруҳида етакчилик қилаётган венгриялик Санан Сюгиров оқ доналарда таиландлик Тин Цзиняони, туркманистонлик Сапармурат Атабаев арманистонлик Эрик Гаспарянни мағлубиятга учратиши ортидан, ҳамюртимиз Абдумалик Абдусаломов оқ доналарда, Муҳаммадзоҳид Суяров қора доналарда ҳиндистонлик Нихал Сарин ҳамда Леон Люк Мендонкага имкониятни бой бериши натижасида ғолибликка даъвогарлар сафи янгиланди.

Бугун, 26 март куни ташкил этиладиган 7-тур ўйинлари остонасида венгриялик Санан Сюгиров 5,5 очко билан пешқадамликни мустаҳкамлаган вазиятда 5 нафар шахматчи 5, 8 нафари 4,5 очко билан совриндорлик йўлидаги курашни давом эттирмоқда.
Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Ҳумоюн Бекмуратов 4,5 очко билан 8, Абдумалик Абдусаломов ва Муҳаммадзоҳид Суяров 4 очко билан қўшимча кўрсаткичлар ҳисобига 14-15-поғоналарни банд этишган.
Терма жамоамиз аъзоларидан Ҳумоюн Бекмуратов 7-турда оқ доналарда ФИДЕ байроғи остида турнирда қатнашаётган Арсений Нестеров билан, Шамсиддин Воҳидов қора доналарда эронлик Радин Ядегар билан рўбарў келади.
10 та турдан иборат бўлган турнир мусобақалари 30 мартга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА