Нукус тумани делегациясининг Хитойга хизмат сафари

299

Айни пайтда Нукус тумани ҳокими З.Зайтов бошчилигидаги делегация аъзолари Хитой Халқ Республикаси Шинжон-Уйғур автоном райони Аксу округида хизмат сафарида бўлиб турибди.

Хизмат сафарининг дастлабки кунида туман ҳокими З.Зайтов Аксу округи губернатори Адил Айли билан ҳамкорликлар бўйича ўзаро музокаралар ўтказди. Учрашув давомида икки ҳудуд ўртасида ижтимоий-иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш, савдо алоқаларини ривожлантириш ва қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Аксу округи губернатори ўринбосари Абладжан Тохти иштирокида форум ташкил этилди. Форум давомида B2B форматида учрашувлар ўтказилиб, Нукус тумани ҳамда Аксу округи ўртасида ижтимоий-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, маданият, таълим, тиббиёт ва қишлоқ хўжалиги йўналишларида ҳамкорлик қилиш тўғрисида меморандум имзоланди.

Форумдан сўнг, делегация аъзолари Аксу округининг диққатга сазовор жойларидан бири – Кўк Я музейи ва Каньон Онсу ёдгорликларига ташриф буюрди. Кейинги кунларда маданият, таълим, тиббиёт, ишлаб чиқариш ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги олиб борилаётган ишлар билан танишиш режалаштирилган. Шунингдек, икки ҳудуд ўртасида туризмни ривожлантириш ва инвестицияларни жалб этиш борасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари ҳам муҳокама қилинади.



Бу хизмат сафари Нукус тумани ва Аксу округи ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.

 

Азизбек Дабылов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси