Асаларичилик даромадли соҳа

201

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали томонидан Нукус тумани “Джубаев Бахтияр Тайлакович” деҳқон хўжалигига медиа-тур ташкил этилди.

Медиа-турда оммавий ахборот воситалари вакиллари, “Зооинженерия” кафедрасининг ўқитувчилари ва шу йўналишда таҳсил олаётган талаба-ёшлар иштирок этиб, хўжалик фаолияти билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди.

Деҳқон хўжалиги Б.Джубаев томонидан 2012 йилда ташкил этилган бўлиб, дастлаб 50-100 та қути асаларининг ҳар биридан ўртача 10 килограммдан асал олинган. Ўтган йили эса хўжалик икки минг тоннага яқин асал етиштиришга муваффақ бўлди. Тадбир иштирокчилари ушбу натижага эришишдаги асосий омиллар ва технологиялар билан танишди.

Хўжаликда “Карпат” зотли асаларилар парвариш қилиб келинмоқда. Мазкур зотнинг ўзига хос жиҳати шундаки, улар сермаҳсул ва совуққа чидамли бўлиб, йил давомида сифатли асал олиш имконини беради. Ҳозирда хўжаликда минглаб “Карпат” зотли асаларилар боқилиб, уларнинг ҳаёт тарзи, озиқланиши ва парвариши учун замонавий шароитлар яратилган. Медиа-тур иштирокчилари ушбу асалариларни сақлаш, уларнинг касалликларига қарши курашиш ва самарадорликни ошириш бўйича қимматли билимларга эга бўлди.

Иштирокчиларга БМТ Тараққиёт Дастури томонидан амалга оширилаётган “Иқлимга чидамли қишлоқ хўжалиги орқали Оролбўйи минтақасида барқарорликни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси” доирасида ташкил этилган асални қайта ишлаш ва қадоқлаш устахонаси фаолияти ҳам намойиш этилди. Ушбу устахона замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Бундан ташқари, Республика фермерлар кенгаши томонидан асалари қутилари ва ромларини ишлаб чиқариш цехи қуриб берилгани ва унинг хўжаликдаги аҳамияти ҳақида батафсил тушунтириш берилди.

Медиа-тур давомида Б.Джубаев ўзининг асаларичилик фаолияти ҳақидаги тажрибаларини ҳам бўлишди. У 1995 йилдан буён асаларичилик билан шуғулланиб келаётгани ва бу соҳа унга катта қизиқиш ва меҳр бағишлаганини таъкидлади. Шунингдек, БМТ Тараққиёт Дастури лойиҳаси доирасида 120 қути асалари оиласи 24 нафар одамга берилиб, уларга асал етиштириш сирларини ўргатди.

Тадбир иштирокчилари асал ишлаб чиқариш жараёнлари билан жойига чиққан ҳолда танишиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири.