Тажриба алмашинуви самарали ўтди

Шуманай туманида Президентимиз томонидан белгилаб берилган янги тизим асосида «Аҳолининг томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланиш орқали даромадларини ошириш чора-тадбирлар» мавзусида кўргазмали семинар ўтказилди.
Тадбирда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ бошқарма бошлиғи Д.Исақулов, Шуманай тумани ҳокими А.Аметов, ҳоким ўринбосарлари, муассаса ва корхона раҳбарлари, тегишли мутахассислар ва тумандаги тадбиркорлар иштирок этди.
Дастлаб, меҳмонлар туман ҳокимлиги биноси олдида тадбиркорлар томонидан ташкил этилган кўргазмаларни кўздан кечирди. Шунингдек, қишлоқ хўжалигида хизмат кўрсатиш учун лизингга олинган тракторлар ва имтиёзли кредитлар асосида олинган мултикултиваторлар тадбиркорларга топширилди.
Шундан сўнг, семинар иштирокчилари оилавий тадбиркорликни йўлга қўйган М.Режепованинг гўзаллик салонига ташриф буюриб, бугунги кунда олиб борилаётган иш жараёни билан танишди. Тадбиркор 6 нафар қизни иш билан таъминлаб, аҳолига сифатли хизмат кўрсатмоқда.
Семинар давомида кейинги манзил Маданият маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги тадбиркор Р.Алланиязовнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш орқали чорва моллари учун озуқа маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхона бўлди. Бу ерда улар тадбиркорнинг бугунги кунда олиб бораётган ишлари билан танишди.
Сўнг иштирокчилар Наврўз маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги «Дарбент» кўчасидаги бир нечта хонадонларнинг ҳовли томорқасига қурилган иссиқхоналари ва мўъжаз иссиқхоналарда кўчат ва полиз экинларини экишни аллақачон бошлаб юборган кўча аҳолисининг баҳорги экиш ишлари билан танишди. Шунингдек, семинар иштирокчилари ушбу кўчада қўзиқорин экишни йўлга қўйиб, оиласига қўшимча даромад киритаётган А.Бекимбетов билан суҳбатлашиб, ўзаро фикр алмашди.
Кейинги манзил Момий овул фуқаролар йиғини бўлди. Бу ерда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида «Ёшлар боғи» ташкил этилди. Туман ҳокими ва семинар иштирокчилари ёшлар билан бирлашиб, боғ ичида манзарали ва мевали дарахт кўчатларини экиб, атроф-муҳитнинг кўкаламзорлаштирилишига ўз ҳиссаларини қўшдилар.
Семинар якунида Бегжап овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги «Ран Омад» масъулияти чекланган жамияти томонидан 2 гектар майдонда ташкил этилган иссиқхонадаги ишлар кўздан кечирилди.


Семинар давомида иштирокчилар томорқа маданиятини кенгайтириш орқали янги технологиялар ёрдамида экинларни экиш ва улардан даромад олиш бўйича кўплаб билим ва тажрибага эга бўлиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги