Коррупцияга қарши курашиш кечиктириб бўлмайдиган вазифа

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши мажлисида иштирок этди. Йиғилишда мамлакатимизда коррупциядан холи муҳит яратиш бўйича қилинган ишларга баҳо берилиб, галдаги вазифалар белгиланди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида коррупция ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ эканини таъкидлади.
Шу боис сўнгги йилларда бу иллатга қарши курашиш бўйича қонунлар қабул қилиниб, янги тизим яратилди. Парламент палаталарида масъул қўмиталар, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва Агентлик ташкил этилди.
Энг муҳими, жамиятда коррупция муаммосини жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқадиган очиқ тизим, очиқ муҳит яратилди. Айниқса, оммавий ахборот воситаларининг бу борадаги ўрни ва таъсири ортиб бормоқда.
Биринчи навбатда, коррупциянинг омилларига қарши курашилмоқда. Масалан, ҳоким қарори билан ер ажратишдан тўлиқ воз кечилиб, аукцион тизимига ўтказилгани натижасида бу тизим халқчил бўлди. «Шаффоф қурилиш» дастури жорий этилгач, бу соҳада ҳам ижобий ўзгаришлар сезилди.
Давлат харидлари бўйича қонун қабул қилингани, танлов ва тендер рақамлаштирилиб, соғлом рақобат бўлгани туфайли ўтган йили 14 триллион сўм бюджет маблағи тежалди.
Бугунги кунга келиб, барча банклар 100 миллион сўмгача маиший кредитларни инсон омилисиз 5 дақиқа ичида онлайн бераяпти. Натижада илгари бу иш билан шуғулланган минглаб банкирлар энди маҳаллага тушиб, одамларга лойиҳа, кредит таклиф қилиб, мижозини кўпайтириш билан ишламоқда.
Мактабгача ва мактаб таълими тизимида 10 дан ортиқ хизмат тури тўлиқ электрон шаклга ўтказилди. Бу соҳада мурожаатлар сони 2,5 баробарга камайди.Электрон давлат хизматлари сони 15 баробарга ошиб, 721 тага етди, улардан фойдаланувчилар эса, 11 миллиондан ошди. Коррупциявий жиноятларнинг 75 фоизи туман ва маҳаллада маиший коррупция кўринишида содир этилмоқда. Шу боис энди Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашлари таркиби тўлиқ янгиланади. Уларга халқ депутатлари вилоят кенгаши раислари раҳбарлик қилади.
Ҳудудий кенгашлар коррупциявий омилларни аниқлаб, уларни бартараф этиш учун қонунчиликни ўзгартириш, жазо муқаррарлигини таъминлаш бўйича Миллий кенгашга тақдимнома киритади. Коррупциянинг олдини олиш – давлат хизматига профессионал ва фидойи кадрларни танлаш ҳамда уларни «ҳалоллик вакцинаси» билан эмлашдан бошланади. Шу боис ишга қабул қилишдаги тартиб ва ёндашувларни такомиллаштириш бўйича топшириқлар берилди. Мусаффо фикрли, коррупцияга муросасиз янги авлодни тарбиялаш мақсадида таълим муассасаларида ҳалоллик ғояларини сингдириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.Улар доирасида 5 та қонун, 12 та фармон ва қарорлар ишлаб чиқилади. Коррупцияга қарши курашишда парламент, Миллий ва ҳудудий кенгашлар, фуқаролик жамияти институтларининг роли оширилади.
Эришилган натижалар халқаро рейтингларда мамлакатимизнинг ўрнини яхшилайди. 2027 йилда UNCAC конференциясини ўтказишга Ўзбекистон номзодини маъқуллаш учун замин яратади.
Энг муҳими, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий онги оширилиб, жамиятда коррупцияга қарши курашишга ҳисса қўшилади.
Адип АЙБЕРГЕНОВ, ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши епРаппарат раҳбари
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги