Бош прокуратура: жамиятимизни коррупциядан биргаликда халос этайлик

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилишда прокуратура органлари олдига муҳим вазифалар қўйилди.
Тизимли равишда жиноятчиликка қарши курашиш ҳафталикларини ўтказиб бориш, Бош прокурор ва ички ишлар вазирига ҳар чоракда Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш олдида, вилоят, туман прокурорлари ва ички ишлар бошлиқлари эса ҳар ойда ҳудудий кенгашларда ҳисобот бериши, жамоатчиликка мурожаат билан чиқиши зарурлиги қайд этилди.
Шундан келиб чиқиб, Бош прокуратура халқимизга мурожаат қилиб, жамиятимизни коррупциядан биргаликда халос этишга чақирди.
Коррупция ҳолатларига дуч келсангиз, Бош прокуратуранинг «1161» рақамли “ишонч телефони” ёки “@bpantikoruz_bot” телеграм боти орқали маълум қилинг.
Бош прокуратура ҳар бир мурожаат тезкорлик билан кўриб чиқилиши, унга қонуний муносабат билдирилиши, энг муҳими, мурожаатчининг хавфсизлиги тўлиқ кафолатланишини маълум қилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА