Хитой ташқи ишлар вазирининг матбуот анжумани

222

Пекинда 11 мартга қадар давом этадиган мамлакатнинг олий қонун чиқарувчи органи – Бутунхитой халқ вакиллари сессияси доирасида ташқи ишлар вазири йиллик матбуот анжумани ўтказилди. “Синьхуа” ахборот агентлиги ёзишича, мазкур анжуманда юқори мартабали мулозим дунёда, жумладан Осиё-Тинч океани минтақасида юзага келган вазият, БМТ, АҚШ, Европа Иттифоқи, қўшни Ҳиндистон билан муносабат ва бошқа қатор глобал масалаларга тўхталди:

– АҚШнинг Ҳинд-Тинч океани стратегияси минтақага фойдадан кўра, кўпроқ зарар келтирди, – дейди Чин юрти ташқи сиёсат идораси раҳбари. – Аср бошидан буён Осиё жадал ўсиш суръатини сақлаб, глобал тараққиётнинг қайноқ нуқтасига, тинчлик ва барқарорлик воҳасига айланди. Осиё Хитой ва минтақадаги бошқа давлатларнинг умумий уйидир.

Қўшма Штатлар минтақада ўрта масофага учувчи ракеталарини жойлаштиришига Хитой кескин қарши. Минтақа давлатлари ҳам бу ташаббусни олқишламайди.

Америка кўп йиллардан бери “Ҳинд-Тинч океани стратегияси”ни илгари сурмоқда. Бу нима дегани? Минтақада можаро қўзғатиш ва сунъий равишда келишмовчилик келтириб чиқаришдан бошқа нарса эмас.

Осиё йирик давлатлар ўртасидаги ўйин майдони эмас, балки халқаро ҳамкорлик учун намунага айланиши керак.

Ван И ўзаро муносабатдаги бир-бирига зид айрим қарашларга тўхталаркан, Агар океан ортидан босим ўтказилиши давом этса, Хитой қатъий жавоб чоралари кўришини юилдирди:

– Хитой ва АҚШ бир-бирига боғланган ва тенг ҳуқуқли. Ҳамкорлик йўли танланса, ўзаро манфаат кўрамиз. Доимий босим бўлса, Хитой албатта қатъий қарши чоралар кўради.

Шу билан бирга Хитой муносабатларимиз барқарор, соғлом ва мустаҳкам ривожланиши учун ҳаракатни давом эттиради.

Дипломат Хитой ва Европа муносабатига тўхталиб, муаммоларни ҳал қилиш имконияти кенглигини таъкидлади:

– Хитой Европага ҳамон ишонч билдиради ва кўҳна қитъа ҳам биз таянадиган ҳамкорга айланиши керак. Икки томон дўстона маслаҳатлашув орқали мавжуд масалаларни тўғри ҳал қилиш қобилиятига ҳамда етарли доноликка эга.

Халқаро вазият жиддий тус олиши ва мураккаблашиши асносида Хитой ва Европа ҳам стратегик алоқани фаоллаштириши, ўзаро стратегик ишончни кучайтириб бориши керак.

Вазир Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг марказий ролини мустаҳкамлаш, тузилманинг нуфузли ваколатини ҳимоя қилиш зарурлигини ҳам таъкидлади:

– БМТ синовдан ўтиб, ўз ўрнини топган. Қарама-қаршилик қанча кескинлашса, Ташкилотнинг марказий ролини мустаҳкамлаш шунчалик долзарблашаверади. Инқироз кучайиши билан жамоанинг муносиб нуфузини ҳимоя қилиш шарти аҳамият касб этиб боради.

Мулозим Хитой – Ҳиндистон зиддиятига тўхталиб, чегара масаласи ўзаро муносабат хусусиятини белгиламаслиги кераклигини таъкидлади:

– Икки қадимий цивилизация вакиллари сифатида биз адолатли ва оқилона ечимга келишимиз шарт. Биз чегара ҳудудида тинчлик, осойишталикни сақлаб қолиш учун етарли донолик ва қобилиятга эгамиз. Чегара муаммоси билан боғлиқ ўзига хос келишмовчилик умумий муносабатга таъсир этмаслиги керак. Шу тамойилга қатъий амал қилишимиз керак.

Маълумки, Ҳиндистон ва Хитой ўртасида шимоли-шарқий Аруначал-Прадеш штатидаги қарийб 60 000 квадрат километр ер, шунингдек Кашмир шимолидаги тоғли ҳудуд бўйича кўп йиллик баҳс ечилмаган.

2024 йил октябрь ойи охирида Нью-Деҳли ва Пекин Ладахдаги Ҳақиқий назорат чизиғи бўйлаб патруллик қилиш тартиб-қоидаси бўйича келишувга эришди. Кейинроқ Ҳиндистоннинг “Ani” ахборот агентлиги ҳарбий манбаларга таяниб, ҳар икки армия минтақадан қўшинларини олиб чиқиб кетгани ҳақида хабар тарқатди.

С.Раҳимов,ЎзА