Томорқа: меҳнатдан келса бойлик…

254

Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида Президентимиз томонидан белгилаб берилган янги тизим асосида “Аҳолининг томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланиш орқали даромадларини ошириш чора-тадбирлари” мавзусида кўргазмали семинар бўлиб ўтди.

Семинар иштирокчилари дастлаб тумандаги “Жайхун” овул фуқаролар йиғинидаги “Нукус Дилиша”масъулияти чекланган жамият томонидан ишга туширилган “Ун ишлаб чиқариш” лойиҳасининг очилишида иштирок этди.

Бундан сўнг, семинар иштирокчилари “Чойкўл” овул фуқаролар йиғинидаги Маҳмуд Нарбаев томонидан томорқа ва деҳқон хўжалигида ташкил қилинган иссиқхона, шунингдек, “Ўрта қалъа” овул фуқаролар йиғинида томорқасидаги 1 гектар майдонда ташкил этилган иссиқхонадан мўл ҳосил олаётган  Рустам Юсуповнинг фаолияти билан танишди.

Семинар давомида “Чойкўл” овул фуқаролар йиғини ҳудудида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ниҳол кўчатларини экиш тадбири ташкил этилиб, унда 2 гектар ер майдонга яхши ниятлар билан мевали ниҳоллар экилди. Унда ёшлар, нуронийлар, республика, шаҳар ва туман сектор раҳбарлари иштирок этди.

Бундан кейин, “Чордара” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамият томонидан аҳолига 12 та йўналишдаги хизмат кўрсатиш ҳамда 1 гектар майдонда ташкил этилган иссиқхона фаолияти кўздан кечирилди. Бу ерда иштирокчилар аҳолининг томорқа майдонларидан даромад олишига кўмаклашишга қаратилган чора-тадбирлар, олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Шунингдек, тадбир давомида фаол томорқа эгалари ва фермер хўжаликлари раҳбарларига махсус техникалар топширилди.

Тумандаги сўлим масканларнинг бирида Президентимиз томонидан белгилаб берилган “Аҳолининг томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланиш орқали даромадларини ошириш чора-тадбирлари” тизими юзасидан вазифаларни белгилаб олиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари У.Муҳаммадиев, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Маҳкамова сўзга чиқди.

Йиғилишда жойлардаги оғир шароитдаги маҳаллаларни обод қилиш, аҳолининг томорқадан самарали фойдаланиш маданиятини ошириш, “Бир маҳалла – бир маҳсулот” мезони асосида ишларни ташкил этиш ва фуқаролар томонидан кооперациялар тузилишига кўмаклашиш, энг асосийси, давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифаларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш бўйича долзарб масалалар ҳақида сўз юритилди.

Тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Т.Худойбергенов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов иштирок этди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири