Мобил малака ошириш хизматлари жорий этилмоқда

Қорақалпоғистон Республикаси Педагогик маҳорат марказига Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мобил малака ошириш хизматлари негизида ташкил этилган автобус олиб келинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб тажриба-синов тариқасида республиканинг олис ва чекка ҳудудларида жойлашган мактабгача таълим ташкилотлари педагог кадрлари учун мобил малака ошириш хизматларини жорий этиш белгиланган.

Мазкур автобуслар “Болаларнинг эрта ёшдан ривожланишига кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида Жаҳон банки томонидан ажратилган маблағлар ҳисобидан жиҳозланган бўлиб, бир вақтнинг ўзида 14 нафар муаллимга машғулот ўтказишга мўлжалланган ўқув жойлари, 10 та NR русумли ноутбук, битта 65 дюмли интерактив монитор, ёзув доскаси, 1 та интернет тарқатувчи қурилма (WI FI router) билан жиҳозланган. Ушбу автобуслардан олис ва чекка ҳудудларда жойлашган давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари педагог кадрлари учун мобил малака ошириш хизматларини кўрсатиш, яъни узлуксиз касбий ривожлантириш (“Методик маҳорат куни” ва “Методик маҳорат соати”) тадбирларини тегишли ҳудудларга борган ҳолда тренинг, семинар ва бошқа шаклларда ташкил этиш мақсадида фойдаланилади.

Амалга оширилаётган ишлар Мактабгача таълим ва умумий ўрта таълимнинг узлуксизлиги ва узвийлигини таъминлаш, мактабгача таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш, соҳада фаолият юритаётган хусусий сектор вакилларини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш, таълим жараёнига инновацияларни, илғор педагогик ва рақамли технологияларни кенг жорий этишга хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири