Ўзбекистонлик ёш муҳандислар Японияда сунъий йўлдош йўналишида таҳсил олади

139

Бугунги кунда Ўзбекистон космик тадқиқотларни олиб бориш, замонавий технологияларни жорий этиш, тармоқ учун етук кадрлар тайёрлаш борасида жаҳон космик бозорининг йирик давлатлари, нуфузли агентликлар ҳамда топ университетлар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйган.

Хусусан, “Ўзбеккосмос” агентлиги мамлакатда космик таълимни янада ривожлантириш, ёшларнинг техник – муҳандислик, астронавтика ва астраномия каби йўналишларда билим ва тажрибаларини ошириш мақсадида АҚШ, Буюк Британия, Франция, Жанубий Корея, Хитой, Япония, Туркия, Озарбайжон билан ҳамкорликни йўлга қўйган.

Ана шундай қўшма таълим лойиҳалари ва дастурларни амалга жорий қилиш мақсадида Рақамли технологиялар вазирлиги мутасаддилари ҳамда Япониянинг “Kyushu Institute of Technology” профессорлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Мазкур институт 1907 йилда фаолиятини бошлаган. Космик таълим йўналишида институт кўплаб давлатлар билан ҳамкорлик қилади ва муҳандис-конструкторлар гуруҳини тайёрлаб, сунъий йўлдошлар яратилишигача кўмаклашади.

Япониянинг илғор олийгоҳларидан бири ҳисобланган “Kyushu Institute of Technology”  билан имзоланган келишув ҳам 7 нафар ёш муҳандис-конструкторларни 2 йил давомида магистратура босқичида космик аппаратларни лойиҳалаш, йиғиш ва синовдан ўтказиш йўналишида ўқитиш имкониятини тақдим этади.

Бу вақт оралиғида улар япониялик тажрибали профессорлар билан биргаликда Ўзбекистоннинг биринчи илмий – технологик сунъий йўлдоши “6U Cubsat”ни яратиб, орбитага учиришлари режа қилинган.

Қайд этиш лозим, мазкур лойиҳани амалга оширишда давлатимиз раҳбарининг “2024 — 2026 йилларда иқтисодиёт тармоқларида аэрокосмик технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Н.Раҳмонова,

ЎзА