Университетда меҳнат ярмаркаси ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14-февралдаги «Олий та’лим муассасалари битирувчиларининг ишга жойлашишига кўмаклашиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-61-сонли қарори асосида Қорақалпоғистон Республикаси Прокуратурасининг ташаббуси билан Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида меҳнат ярмаркаси бўлиб ўтди.
Тадбирда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг ўқув ишлари бўйича проректори О.Дуйсенбаев, Қорақалпоғистон Республикаси Прокуратураси бўлим бошлиғи А.Еркунусов, Республика Прокурорининг катта ёрдамчиси Н.Аллабергенова сўзга чиқиб, битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш ва уларнинг меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллашлари бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларга тўхталиб ўтди.

-Ушбу ярмарка битирувчиларнинг келажакдаги касбий фаолиятини йулга қўйишда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, университет ва иш берувчилар ўртасида мустаҳкам ҳамкорликни ўрнатишга хизмат қилади,-дейди Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг ўқув ишлари бўйича проректори О.Дуйсенбаев.
Ярмаркада давлат ташкилотлари, йирик корхоналар ва хусусий сектор вакиллари иштирок этди ва ўзларида мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида маълумотлар бериб, талабалар билан юзма-юз суҳбатлашди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги