Пеп Гвардиола: Абдуқодир Ҳусанов жуда қобилиятли ўйинчи

Футбол бўйича Англия Премьер-лигасида 26-тур учрашувлари ўтказилди. Бу тур кучли бешталикда бораётган жамоалар орасида фақатгина “Ливерпуль” ва “Ньюкасл” учун омадли ўтди.
Гап шундаки, ушбу турда Арне Слот қўл остидаги “Ливерпуль” жамоаси сафарда “Манчестер Сити”ни 2:0 ҳисобида таслим қилди. Дарвоқе, мазкур ўйинда ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусанов бўлмаганида голлар янада кўпайиши мумкин эди.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, учрашувнинг биринчи қисмида Муҳаммад Салоҳнинг икки бор ва Луис Диаснинг бир бор тўп киритишига метин ҳимоячимиз тўсқинлик қилди. Ўйиннинг иккинчи ярмида Собослаининг дарвозага берган зарбасини блоклаб, ҳисобнинг йириклашишига йўл қўймади. Абдуқодир қанчалик аниқ ва тезкор ўйин намойиш этмасин, унинг атрофидаги ҳимоя тизимида ўйнаган бошқа футболчилар хатоси сабабидан ўйин бой берилди.

Абдуқодирнинг ушбу ишончли ўйини “Sofascore” нашри томонидан 7,2 га лойиқ кўрилди. Шу ўринда, футболчимизнинг учрашувдаги айрим статистикаси билан сизларни таништирсак. Футболчимиз 6 маротаба тўпни олиб қўйган бўлса, битта зарбага блок қўйди ва рақиб ўйинчисини бир маротаба алдаб ўтди. Тўп учун курашда эса ерда 3 марта, ҳавода эса 1 марта муваффақиятга эришди. Ўйин давомида жами 102 маротаба тўпга тегди. Аниқ узатмалар сони 87/88, аниқроғи, 99 фоиз.

«Манчестер Сити» бош мураббийи Пеп Гвардиола Абдуқодир Ҳусановнинг ўйини ҳақида фикр билдирди:
«Абдуқодир Мадридда ҳам яхши ҳаракат қилганди. Мадриддаги ўйинда ўнг қанотда ҳаракат қилди ва Винига қарши яхши ўйин кўрсатди. «Ливерпуль»га қарши ўйинда ҳам у худди шундай тез ва интизомли ҳаракат қилди. Ривожлантириши керак бўлган хислатлар ҳам бор, бироқ у жуда қобилиятли футболчи».

Энди Хосеп Гвардиола шогирдлари Англия Премьер-лигасидаги навбатдаги учрашувни 26 февраль куни сафарда “Тоттенхэм”га қарши ўтказади. Катта эҳтимол билан мазкур учрашувда Абдуқодир Ҳусанов асосий таркибдан ўрин олади.
Бу турда “Арсенал” клуби кутилмаганда ўз майдонида “Вест Хэм”га 0:1 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Учинчи ўринга жойлашиб олган “Ноттингем Форест” эса сафарда “Ньюкасл” жамоасига 4:3 ҳисобида енгилди.

Гарчи “Манчестер Сити” мағлубиятга учраган бўлса-да, мусобақа жадвалида 44 очко билан Европа чемпионлар лигасига йўлланма берувчи тўртинчи ўринда қолди.
Дарвоқе, мазкур тур якунига кўра, “Ливерпуль” 64 очко билан АПЛ жадвалида яққол пешқадамлик қилмоқда. Иккинчи ўринда бораётган “Арсенал” эса 53 очко жамғарган. “Ноттингем Форест” ҳисобида 47 очко бор ва бу жамоа учинчи ўриндан жой олган. “Ньюкасл” бу турдаги ғалабадан сўнг очколарини 44 тага етказди ва кучли бешликни якунлаб берди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА