VII Тошкент халқаро марафонига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди

Ёшлар ишлари агентлигида VII Тошкент халқаро марафонини ўтказишга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуманда спорт вазири ўринбосари Авазжон Каримов ва бошқалар мамлакатимизда сўнгги йилларда аҳолини оммавий спортга жалб этиш борасида самарали ишлар олиб борилаётгани ва бу борада Тошкент халқаро марафони яққол мисол бўлаётгани, ушбу марафонда йил сайин иштирокчилар сони жадал ошаётганини эътироф этди. Шунингдек, йирик спорт анжуманида чет эллик атлетлар иштирок этаётгани Тошкент халқаро марафони дунё узра оммалашаётганидан далолат экани таъкидланди.
Маълум қилинишича, мусобақанинг асосий старти 13 апрель кунига белгиланган бўлиб, иштирокчилар классик марафон (42 км.), ярим марафон (21 км.) ва 10 км. масофага югуриш мусобақаларида ўзларини синаб кўради. Мазкур марафоннинг жорий йилда янгиланган йўналишлари “Янги Ўзбекистон“ боғига туташ йўллар бўйлаб ташкил этилади.
Асосий югуриш мусобақаси арафасида аниқроғи, 12 апрель куни “Magic City” боғида анъанавий “Kids Run” болалар югуриш мусобақаси, ногиронлиги бўлган шахслар учун инклюзив югуриш мусобақаси, 3 км. масофага югуриш мусобақаси, шунингдек, шимолий юриш бўйича мусобақалар ўтказилади. Бу тадбирлар соат 8:00 да бошланади.
VII Тошкент халқаро марафонининг мукофот жамғармаси 639 миллион сўмни ташкил этади. Бунга қўшимча равишда, эркаклар ва аёллар ўртасида марафон масофасида Ўзбекистон миллий рекордини ўрнатганларга 15 миллион сўм, ярим марафон масофасида эса 10 миллион сўм ажратилади.
Марафонда барча хоҳловчилар – фуқаролигидан қатъи назар, профессионал спортчилар ҳам, ҳаваскорлар ҳам иштирок этишлари мумкин. 42 км. (марафон), 21 км. (ярим марафон), 10 км. ва 3 км. масофаларга югуриш ҳамда шимолий юриш мусобақаларида 15 ёшдан ошган эркаклар ва аёллар иштирок этишларига рухсат берилади.
Асосий масофаларда (марафон, ярим марафон ва 10 км.) қатнашувчилар қуйидаги ёш тоифалари бўйича тақсимланади:
15-34 ёш, 35-49 ёш, 50 ёш ва ундан юқори, эркаклар ва аёллар учун алоҳида. Ҳар бир тоифада 1-3-ўринларни эгаллаган ғолиблар тақдирланади.
Дарвоқе, “Kids Run” болалар югуриш мусобақаларида 5 ёшдан 9 ёшгача бўлган ўғил-қизлар 1 км. масофага, 10 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар эса 3 км. масофага югуришлари мумкин. Якка тартибдаги иштирокчилардан ташқари, корпоратив жамоалар, ташкилотлар ва спорт клублари ҳам марафонда қатнашиш учун ариза беришлари мумкин.
Марафон Спорт вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Марказий Осиё югуриш ва юриш академияси, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси ҳамда Марказий Осиё енгил атлетика уюшмаси томонидан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.
Тадбир Мудофаа вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, “Ўзбекнефтгаз“ АЖ, Ўзбекистон Республикаси Миллий телерадиокомпанияси, Миллий ахборот агентлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Енгил атлетика бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби, ҳаваскор югуриш клублари кўмагида ўтказилмоқда.
Тошкент марафони халқаро спорт тадбири сифатида тан олинган ва World Athletics (Халқаро енгил атлетика федерациялари ассоциацияси) мусобақалари тақвимига киритилган. Марафоннинг янгиланган трассаси AIMS (Халқаро марафонлар ва оммавий югуриш мусобақалари ассоциацияси) томонидан “А“ тоифасидаги расмий трасса ўлчовчиси иштирокида сертификатлашдан ўтказилди. Бу эса унинг жаҳон стандартларига мувофиқлигини кафолатлайди.
Маълумот ўрнида: VII Тошкент халқаро марафонида иштирок этувчилар сони ҳозирга келиб, 1 минг 500 нафарга яқинлашди ва улар орасида 28 та турли давлат фуқаролари бор. Мазкур мусобақа учун рўйхатдан ўтиш жараёни давом этмоқда.
Анжуман сўнгида ОАВ вакилларининг саволларига атрофлича жавоб берилди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА